Сиёсат

Пискент тумани ҳокимига ҳайфсан берилди

Тошкент вилояти ҳокимининг фармойиши билан Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповга интизомий жазо чораси қўлланилди. Ҳужжатда туман ҳокими давлат хизматчисининг касб этикасини бузгани қайд этилган.

**Пискент тумани ҳокимига ҳайфсан берилди**

Пискент тумани ҳокимига интизомий жазо қўлланди. 13-октабр куни Тошкент вилояти ҳокими шу ҳақдаги фармойишни имзолаган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 14-октабрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига амал қилмаган. Шунингдек, у давлат хизматчисининг касб этикасини бузгани ҳам кўрсатилган.

Шу асосда Музаффар Ариповга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.

Ҳужжатга асос сифатида Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномаси, вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси баёни ҳамда Музаффар Ариповнинг тушунтириш хати келтирилган.

Аввалроқ Пискент тумани ҳокими фермерларга ерини тортиб олишини айтиб, босим қилгани хабар қилинганди. Ҳоким фермерларга “ҳазиллашмасликни, ўйнашмасликни, ери нарида турсин, жонини суғуриб олишини” айтган.

Шундан сўнг Фермерлар кенгаши Музаффар Ариповнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб прокуратурага мурожаат киритганини, Бизнес-омбудсман эса ҳолат назоратга олинганини маълум қилди. Пискент тумани ҳокимлиги эса расмий муносабатида фермерларнинг ўзини айбдор қилиб, “ер фермернинг хусусий мулки эмас”лигини билдирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.