Фермерлар кенгаши Пискент ҳокимининг ҳаракати юзасидан прокуратурага мурожаат қилди
Фермерлар кенгаши фермерларга “жонини суғуриб олиши”ни айтган Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб прокуратурага мурожаат киритди. Бизнес-омбудсман ҳам ҳолат назоратга олинганини, ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.

Фермерлар кенгаши Пискент ҳокимининг ҳаракати бўйича прокуратурага мурожаат қилди
Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповнинг фермерларга нисбатан қилган ҳаракати юзасидан Фермерлар кенгаши, Бизнес-омбудсман ҳамда ҳокимликнинг ўзи муносабат билдирди. Фермерлар кенгаши ва Бизнес-омбудсман фермерларни қўллаб-қувватласа, ҳокимлик ҳокимни ҳимоя қилмоқда.
Фермерлар кенгаши Музаффар Ариповнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб прокуратурага мурожаат қилди.
Кенгаш ҳеч нарса инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш учун асос бўла олмаслигини маълум қилган.
“Бу каби ҳолатлар тадбиркорлик субьекти фаолиятига ноқонуний аралашув сифатида кўрилиб, мамлакатнинг халқаро имижига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Шу боис, Ўзбекистон фермерлари кенгаши 2026-йил 9-октабр куни прокуратура органига Пискент туман ҳокимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди”, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман ҳам муносабат билдириб, тадбиркорнинг шаъни ва қадр-қиммати қонун ҳимоясида эканини эслатди.
“Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, яъни ҳақорат қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди. Бу бўйича ҳуқуқий баҳо берилади”, дея таъкидланган муносабатда.
Шунингдек, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ва фермерлар ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилган, ҳақорат қилинган ёки ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблашса, 1100 қисқа рақами ёки +998712020898 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини қўшимча қилган.
Пискент тумани ҳокимлиги ўз расмий муносабатида фермерларнинг ўзини айбдор қилган.
Ҳокимлик “ер фермернинг хусусий мулки эмас”лигига эътибор қаратиб, “картошка экилмаса, бозорда нарх қимматлашса, жабрини чекувчи яна ўзлари” бўлишини таъкидлаган.

