«Пикассо асарини бўлакларга бўлишдек гап»: «Neighbours» сериалининг сунъий интеллект томонидан микродрамага айлантирилиши актёрлар ва суратга олиш жамоасини хавотирга солмоқда
Австралия телесериалининг эски эпизодларига Марго Роббининг қаҳрамонига эътибор қаратиш учун СИ (сунъий интеллект) технологияси ёрдамида ишлов берилади ва микро-драма яратилади.

«Пикассо асарини бўлакларга бўлишдек»: «Қўшнилар» сериалининг СИ микродрама таҳрири актёрлар ва тасвирга олиш гуруҳини хавотирга солмоқда
Янги микродрама Марго Робби ижро этган қаҳрамонга қаратилади
«Қўшнилар» (Neighbours) сериалининг собиқ актёрлари ва суратга олиш гуруҳи аъзолари эски тасвирларни мобил томошабинлар учун кичик эпизодларга қайта таҳрирлашда СИдан фойдаланиш режаларидан хавотир билдирдилар.
Австралиянинг эндиликда ёпилган ушбу ТВ-соп операси продюсери бўлмиш Fremantle компанияси АҚШда жойлашган RoseBerry Media билан ҳамкорликда «ўн йилликлар давомидаги эпизодларни сканерлаш» ва қисқа вертикал видеолар яратишга ёрдам берадиган СИ лойиҳаси устида иш бошлади.
Фойдаланиладиган биринчи материал 2008 йилдан 2011 йилгача Донна Фридман ролини ўйнаган Марго Робби иштирокидаги тасвирлар бўлади.
Хар иккала компания ушбу лойиҳа ўтган йили сўнгги қисми эфирга узатилган шоуни янги томошабинларга таништиришини айтмоқда. Аммо баъзи актёрлар ва суратга олиш гуруҳи аъзолари ўз қиёфалари, овозлари ёки меҳнат маҳсулидан бошқа мақсадларда фойдаланишга розилик бермаганини таъкидламоқда.
Робби ҳозирча бу борада ошкора изоҳ бергани йўқ.
Лойиҳа ортида турган компаниялар ўз баёнотида СИ кўмагидаги технология «қаҳрамонлар ривожланиши, сюжет чизиқлари ва энг ёрқин лаҳзаларни аниқлаш учун ўн йиллик эпизодларни сканерлаб, муҳаррирларга энг кучли материални тезда топишга ёрдам беришини» билдирди.
Fremantle вакилининг сўзларига кўра, микродрама эпизодларида «аслиятдаги, аввал эфирга узатилган тасвирлар, диалоглар ва ижролар»дан фойдаланилади.
«У янги саҳналар ёки ижроларни яратмайди, актёрларнинг юзлари ёки қиёфасини ўзгартирмайди ва синтитик овозлардан фойдаланмайди», деди у ва инсон-муҳаррир «таҳрирлаш жараёнининг ҳар бир босқичини кўриб чиқиши ва тасдиқлашини» қўшимча қилди.
Кичик эпизодларда 2005 йилда, 13 ёшида «Қўшнилар» сериалига келиб қўшилган 34 ёшли Мэтт Веркмейстер ҳам пайдо бўлиши мумкин. У доимий қаҳрамон Зек Кински ролини ўйнаган ва Робби ижро этган қаҳрамон билан кўплаб саҳналарда бирга суратга тушган.
Ҳозирда Мельбурнда продюсер ва режиссёр бўлиб ишлаётган Веркмейстернинг айтишича, микродрама ортида турган компаниялар у билан боғланмаган ва у эпизодларга нималар киритилишидан хавотирда.
«Агар улар аллақачон мавжуд бўлган нарсадан янги микродрама яратаётган бўлса, фикримча, бизнинг қиёфамиз ва овозимиздан, шунингдек, сценарийнавислар меҳнатидан фойдаланиш учун розилик олиниши керак», деди у.
Робби «шубҳасиз, катта жалб қилувчи омил» ва «илгари томоша қилган шоуларингиздан эски лавҳаларни кўриш ёқимли», деди Веркмейстер, аммо у бундан йигирма йил олдин шартнома имзолаганида «стриминг ҳатто платформа сифатида мавжуд эмас эди», шунинг учун у ўз ҳуқуқлари нималардан иборат эканига амин эмас.
Худди шу ноаниқлик Сэм Кларкни ҳам ўйлантирмоқда. У 2006 йилдан 2010 йилгача «Қўшнилар»да Ринго Браун ролини ўйнаган, ушбу қаҳрамон кейинчалик Роббининг тўқима қаҳрамонига уйланади.
Лос-Анжелесдан туриб гапирган Кларк – ҳозирда продюсер ва овоз актёри – дўсти унга мақола юбормагунча микродрама ҳақида эшитмаганини айтди.
«Агар у янги сюжет чизиқларига айлантириб юборилмаса, кўп йиллар олдин қилган ишимиз иккинчи ҳаётга эга бўлишига салбий қарамайман», деди 39 ёшли Кларк.
«20 йил олдин шартномамга қўл қўйганимда СИ ва ижтимоий тармоқлар, табиийки, мавжуд эмас эди, шунинг учун мен ҳали ҳам бу чегаралар айнан нимадан иборат эканини тушунишга ҳаракат қиляпман».
Овоз оператори, 68 ёшли Брюс Финдлей ТВ соҳасида эллик йилга яқин вақтини ўтказган ва «Қўшнилар» сериалининг биринчи эпизодидан бери ишлагани учун у қалбида «алоҳида ўрин» тутишини айтади.
Унинг айтишича, эски тасвирлардан қисқа эпизодлар тайёрлашда СИдан фойдаланиш «Пикассо асарини бўлакларга бўлиб, уни қайта йиғишга ўхшайди».
«Биз ушбу маҳсулотни чиқариш учун жуда қаттиқ меҳнат қилганмиз… энди эса улар уни майда бўлакларга бўлиб, ҳавога совуришмоқда ва СИ ёрдамида яна қайта йиғишмоқда - бу меҳнат жараёнини қадрсизлантиради».
RoseBerry Media раҳбари Гай Ҳамейрининг айтишича, компания «премиум вертикал телевидение» яратиш учун ўз СИ воситасидан фойдаланиб, «Қўшнилар» тасвирларини — 9 300 дан ортиқ эпизодни — биринчи марта саралаб чиқмоқда.
Унинг таъкидлашича, лойиҳа материални «қайта тасаввур қилади» ва унга «янги томошабинлар, янги долзарблик ва янги қиймат» бағишлайди.
Fremantle компаниясининг тижорат ва халқаро бўлими раҳбари Йенс Рихтер ушбу лойиҳани уларнинг каталогидан «технология ва ижодий фикрлаш қандай қилиб янги қиймат очиши мумкинлигининг ҳаяжонли мисоли» деб таърифлади.
Fremantle ушбу масала бўйича иккита касаба уюшмаси билан музокаралар олиб бораётгани ва роялти — актёрлар ва сценарийнависларнинг ишлари қайта эфирга узатилганда ёки синдикация қилинганда бериладиган доимий тўловлар — тўланиши тушунилади, аммо бу суратга олиш гуруҳига татбиқ этилмайди.
Касаба уюшмаларидан бири бўлмиш Media, Entertainment and Arts Alliance музокараларни тасдиқлади.
«Ишчиларнинг қиёфаси ёки тажрибасидан ўн йиллар олдин шартнома имзолаганларида хаёлларига ҳам келтирмаган тарзда фойдаланишдан олдин улар билан маслаҳатлашилиши керак», деди MEAA бош директори вазифасини бажарувчи Адам Портелли.

