Перуда Гитлер Муссолини исмли киши мэр этиб сайланди
Экзитпол натижаларига кўра, Перу Анд тоғларидаги чекка бир округда сўл қанот номзоди кичик фарқ билан ғалаба қозонди.

Экзит-полл натижаларига кўра, Гитлер Муссолини Симеон Флорес исмли киши Перудаги маҳаллий сайловларда кичик фарқ билан ғалаба қозонди.
Сўл марказчи «Ahora Nación» партияси номзоди Перу Анд тоғларидаги чекка Керопалка округи ҳокими этиб сайланди.
45 ёшли номзодни 229 га яқин аҳоли қўллаб-қувватлади, бу эса унга ўнг қанот «Renovación Popular Perú» партиясидан иккинчи ўринни эгаллаган рақибидан атиги 25 та овоз кўпроқ тўплаш имконини берди.
У 1000 дан кам аҳолига вакиллик қилиш учун сайланган бўлса-да, унинг исмлари икки машҳур фашист диктаторлариники билан бир хил эканлиги мамлакатнинг ушбу кичик ҳудудига халқаро миқёсда ғайриоддий эътибор қаратди.
Перу сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овоз беришда 700 дан ортиқ киши иштирок этган ва Симеон овозларнинг тахминан 34 фоизини қўлга киритган.
Номзод профилига кўра, у Лимадан тахминан 360 км (224 миль) узоқликда жойлашган марказий департамент — Уануко округида туғилган.
Унинг исми Адольф Гитлер ва Бенито Муссолини — «ХХ аср Европа тоталитар режимларининг энг машҳур икки намояндаси» исмларига мос келиши унинг номзодини «ҳайратланарли воқеа»га айлантирди, деб хабар берди маҳаллий «Peru21» нашри.
Унинг исми келтириб чиқарган эътиборга қарамай, маҳаллий оммавий ахборот воситалари 2018 йилда Гитлер Гесклин Альба Санчес Юнгар округи ҳокими этиб сайланганини эслатиб ўтди.
Хабар қилинишича, у «Мен яхши Гитлерман» шиори остида сайловда қатнашиб, рақиби Ленин Владимир Родригес Вальвердени мағлуб этган.
Адольф Гитлер Уунона исмли сиёсатчи ҳам 2020 йилда Намибияда — Адольф ва бошқа германча исмлар одатий бўлган собиқ Германия колониясида маҳаллий сайловларда ғолиб чиққанидан кейин худди шундай қизиқиш уйғотган эди.

