Германиядаги сайловлар: Мерс партияси барча жойда позицияларни бой бермоқда
«Сўллар» Берлинда ғалаба қозонди, ўнглар Мекленбург – Олд Померанияни ҳам ўзиники қилди.

Германиядаги сайловлар: Мерс партияси ҳамма жойда позицияларини йўқотмоқда
20-сентабр куни Германия пойтахти Берлин ҳамда Мекленбург – Олд Померания ерида федерал сайловлар ўтказилди. Иккала партия ҳам аввалги сайловлардаги натижасини икки бараварга яхшилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, «Сўл партия» Берлинда жами овозларнинг 25,7 фоизини қўлга киритган — бу 2023-йилда бўлиб ўтган олдинги сайловларга нисбатан 13,5 фоиз пунктга юқори. Олдинги сайловлар ғолиби бўлган ХДИ эса бу сафар 18,8 фоиз овоз билан кифояланган (9,4 фоиз пункт пасайиш), ундан кейинги ўринларда АфД (16,3 фоиз), «Яшиллар» (14,3 фоиз) ва Германия социал-демократик партияси (12,1 фоиз) жойлашган. Қолган партиялар, жумладан, «Сара Вагенкнехт иттифоқи» (БСВ) ҳам 5 фоизлик чегарадан ўта олмаган. Сайловда қатнашиш даражаси 74 фоиздан ошган.
«Сўллар» учун бу Берлиндаги сайловлар тарихидаги энг юқори натижа бўлди. Сўнгги йиллардаги ребрендинг ва таркибни жиддий ўзгартириш партиянинг муваффақиятини таъминлади. Партиядаги раҳбарлик лавозимларини ёш сиёсатчилар, жумладан, аёллар эгаллади ва уларнинг кўпчилиги «Германия учун муқобил» партиясига муросасиз позицияни тутади.
«Сўллар» ўз сайловолди дастурини берлинликлар учун энг долзарб ва оғриқли мавзу — уй-жой масаласи атрофида шакллантирди. Партия сайловларга аллақачон шаҳарга тегишли бўлган хонадонларда ижара ҳақини чеклаш ва йирик хусусий ижарага берувчиларнинг 220 мингга яқин квартираларини жамоат мулкига ўтказишга эришиш ваъдаси билан кирди. Партиядаги ички ислоҳотлар ҳамда танланган кун тартиби бир йил ичида тарафдорлар сонини икки бараварга оширишга ёрдам берди: 2025-йил охирига келиб партия аъзолари сони 123 минг кишини ташкил этаётганди.
Ғалабадан сўнг Берлин шаҳри мерлигини «Сўллар» етакчиси — 45 ёшли Элиф Эралп эгаллаши керак, Финансиал Тимес уни «Берлиннинг Мамданийга жавоби» деб таърифлаган. Эралп — 1980-йилги давлат тўнтаришидан кейин Туркияни тарк этган муҳожирлар фарзанди. У Берлиннинг муҳожирлардан чиққан илк мери бўлиши мумкин.
Мекленбург – Олд Померанияда эса «Германия учун муқобил» партияси 38,2 фоиз овоз олди — бу 2021-йилги сайловларга қараганда икки баравар яхшироқ натижа. Бунгача ушбу ҳудудда ҳокимиятни бошқарган социал-демократлар эса 35,5 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, «Сўллар» 6,5 фоиз, «Яшиллар» 5,7 фоиз овоз билан ландтагга кирди.

