Иқтисодиёт

“Пенсияга чиқиш ёши узайтирилмаса, солиқ оширилади” — иқтисодчи

“Пенсияга чиқиш ёши узайтирилмаса, солиқ оширилади” — иқтисодчи

Ўзбекистонда пенсия ёши узайтирилмаса, солиқларни кўтариш зарурати пайдо бўлади. Бу ҳақда иқтисодчи Отабек Бакиров ЁуТубеъдаги “Лолазор” подкастида ўз фикрини билдирди.

Айни пайтда пенсия тизимига ўзгартириш киритишни назарда тутувчи президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган. Ҳужжатда 2039-йилгача пенсияга чиқиш ёшини эркаклар учун 60 дан 63 ёшга, аёллар учун эса 55 дан 58 ёшга ошириш ҳам кўзда тутилган.

Подкастдаги суҳбатда пенсия харажатларининг ортиши давлат бюджетига ҳам босимни кучайтираётгани қайд этилди. “Жамоатчиликнинг 90 фоиздан ортиғи пенсия ёшини узайтиришни истамаса нима бўлади”, деган саволга жавобан Отабек Бакиров акс ҳолда солиқлар оширилишига урғу берди.

“Унда солиқ ошади-да. Нима учун буни мен қабул қилиш керак деб ҳисоблаганимни айтайин энди. Харажатлар ва даромадлар ўртасида мувозанатни таъминлаш керак. Мувозанатни таъминлашнинг турли йўллари бор. Энг осон йўли солиқни ошириш, яъни ижтимоий солиқни 12 фоиздан 15 фоизга ошириш. Мен буни умуман қабул қилмайман ва нотўғри деб биламан. Иккинчи радикал йўли ёшни бирданига оширишдан иборат. Булар шунинг учун ҳам ёшни секин юмшатиб оширмоқчи бўляпти, солиқнинг ставкасига тегмаяпти”, деди таҳлилчи.

Суҳбат давомида Пенсия жамғармаси директори Муродбек Отажонов ҳам жамғарма даромадлари аҳолини пенсия тўловлари билан тўлиқ таъминлашга етмаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, харажатларнинг қарийб 26 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланмоқда. Бу 2026-йил учун тахминан 23 триллион сўмни ташкил этади. Агар тизимда ўзгариш қилинмаса, 2030-йилга бориб тақчиллик 40 фоизгача ошиши мумкин.

“Тушунишимча, пенсия ёшини оширишдан асосий мақсадлардан бири ҳисоб-китоблар бўйича 2040-йилга борганда пенсионерлар сони ишловчилар сонига нисбатан кескин ошади. Бунинг эвазига ишловчилар тўлаётган ижтимоий солиқлар пенсионерларни боқишга етмай қолади. Натижада жамғарма ҳозиргига нисбатан ҳам катта зарарга кириб қолади. Охир-оқибат давлат айтадики: “ўртоқлар, қўйинглар энди, келинглар солиқни оширамиз, пенсионерларни таъминлаш учун мана бу ишлаётган одамлар кўпроқ солиқ тўласин дейди”, дея фикр билдирди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Отабек Бакиров пенсия миқдори оширилиши билан боғлиқ хавфлардан бирига ҳам тўхталди.

“Йилдан йилга пенсиянинг индексация фоизи пасайиб боряпти. Мисол учун, келаси йилга 5,9 фоизга ошиши прогноз қилиняпти. Бу йил 7 фоиз индексация қилинди. Келаси йил бундан ҳам пастроқ индексация бўлади. Яъни дефицит ошаверган сари, табиийки, давлат харажатни қисишни бошлайди, индексация қилишни секинлаштираверади”, деди иқтисодчи.

Мамлакатда пенсия маблағлари бюджетдан ташқарида, яъни ижтимоий солиқнинг Пенсия жамғармаси ҳисобига ўтказилиши орқали шаклланади. Яъни ҳозир Ўзбекистонда расмий ишловчилар пенсиядагиларга нафақа тўлайдиган тизим ишламоқда.

“Давлат бизга пенсия беряпти деган гап жуда ҳам тўғри эмас. Аслида мени чўнтагимдан олиб, фалончига олиб боришни давлат таъминлаб беряпти”, деди Муродбек Отажонов.

Бироқ Конституцияда пенсия кафолатлангани сабабли тўловлар етмаётгани учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмоқда.

Аввалроқ пенсия ёшини оширишга аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ва пенсия олиш даври узайгани сабаб сифатида айтилганди.

Ҳозир Ўзбекистонда 4,3 миллион нафар пенсионер бор. Улар жами аҳолининг 11,2 фоизини ташкил этади. 2040-йилда пенсионерлар сони 8 миллион нафарга етиб, аҳолининг умумий сонидаги улуши 15 фоизгача ошиши прогноз қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.