Пекинда Мирзиёевнинг Ўзбекистон ҳақидаги китоби тақдим этилди
Хитойда президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси, ташқи сиёсати ва ислоҳотлари ҳақидаги китобининг хитой тилидаги нашри тақдим этилди.

Пекинда Мирзиёевнинг Ўзбекистон ҳақидаги китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Пекинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида» номли китобининг хитой тилидаги нашри расмий тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда давлат тузилмалари, илмий ва экспертлар ҳамжамияти, бизнес, оммавий ахборот воситалари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» АА мухбири хабар беради.
Китоб Хитойнинг «Жэньминь» нашриёти томонидан чоп этилган ва саккизта бобни ўз ичига олади.
Унда Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлар, мамлакатнинг БМТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлиги, шунингдек, республика ташқи сиёсатида Марказий Осиёнинг аҳамияти ёритилган.
Нашрга Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш доирасидаги ислоҳотлар, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига бағишланган чиқишлари ва маърузалари киритилган. Бундан ташқари, давлат раҳбарининг илгари хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган интервью ва мақолалари чоп этилган.
Тақдимот иштирокчилари ушбу китоб хитойлик китобхонлар ва халқаро аудиторияга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий ривожланиш устуворликлари ва мамлакатнинг ташқи сиёсий курсини яхшироқ тушунишга ёрдам беришини таъкидладилар.
Хитой Коммунистик партияси Марказий Комитети Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин ушбу нашрни икки мамлакат ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик ўрнатилганининг ўн йиллиги йилидаги муҳим воқеа деб атади.
У, шунингдек, 2027 йил 2 январда Ўзбекистон ва Хитой дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигини нишонлашини эслатиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Пекин Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти ва модернизациясини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш ниятида. Хитой томони республикадаги ўзгаришларни сиёсий ишончни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш имконияти сифатида кўриб чиқмоқда.
ХКП МК Ташвиқот бўлими мудири ўринбосари Хун Даюн китобнинг чоп этилишини икки давлат ўртасидаги гуманитар алоқаларни ривожлантиришдаги муҳим воқеа деб атади. У маданий ва интеллектуал алмашинув икки томонлама муносабатлар ривожланишини тўлдиришини таъкидлади.
Хун Даюннинг баҳолашича, нашр Ўзбекистон Президентининг давлат бошқарувига бўлган ёндашувларини ва миллий ривожланиш моделининг хусусиятларини очаб беради.
Унда, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегисини амалга оширишга бўлган сиёсий ирода ўз аксини топган. Китоб, унинг фикрича, хитойлик экспертлар, жамоатчилик доиралари ва кенг китобхонлар оммаси учун қизиқарлидир.
Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси президенти Фу Сяоцян ушбу нашр Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг стратегик мақсадларини, ички модернизация ва мамлакат ташқи сиёсати йўналишларини чуқурроқ ўрганиш имконини беришини маълум қилди. У китобни республиканинг ривожланиш жараёнларини ўрганаётган хитойлик аудитория учун фойдали манба деб атади.
ШҲТ Бош котиби ўринбосари Пяо Янфань ҳам ушбу нашрнинг Ўзбекистондаги ўзгаришларни тушунишдаги аҳамиятини таъкидлади. У китоб қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш соҳасидаги ўзгаришларни акс эттиришини урғулади.
Унинг сўзларига кўра, ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътибори ва иқтисодий жозибадорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Пяо Янфань китоб Хитойда ва ШҲТнинг бошқа мамлакатларида ўз китобхонларини топишига, унда баён этилган ёндашувлар эса ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик, маданий хилма-хилликни ҳурмат қилиш ва биргаликда ривожланиш тамойилларига ҳамоҳанг эканига ишонч билдирди.
Хитой Ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори ўринбосари Пан Дапэн китобда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий босқичлари изчил ёритилгани ва мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини ягона контекстда кўриб чиқиш имконини беришини таъкидлади.
Унинг баҳолашича, нашр амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмуни ва замонавий миллий ривожланиш тамойилларини батафсил очиб беради.

