Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчилари музокаралар якунларини сарҳисоб қилди

Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчилари музокаралар якунларини сарҳисоб қилдилар.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бўлиб ўтган музокаралар натижалари ҳақида фикр билдирдилар.
Давлат раҳбари Ҳиндистон Бош вазирининг Ўзбекистонга амалга оширган тарихий ташрифининг улкан аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон етакчиси ушбу сермаҳсул музокаралар икки давлат ўртасидаги самимий дўстлик, юксак ҳурмат ва ўзаро ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлганини қайд этди.
Ҳиндистон жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор ва нуфузга эга бўлган ишончли ва салоҳиятли стратегик шерик экани эътироф этилди. Ҳиндистоннинг рақамли технологиялар, дастурий таъминот ва стартаплар соҳасидаги улкан ютуқлари юқори баҳоланди.
Шу сабабли ташрифга жиддий тайёргарлик кўрилди, салмоқли ҳужжатлар тўплами, жумладан, қўшма баёнот қабул қилиниб, қатор ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Икки томонлама муносабатлар кенг қамровли стратегик шериклик босқичига кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Ўтган йили ўзаро савдо айланмаси ҳажми 33 фоизга ўсиб, 1,3 миллиард долларни ташкил қилди. Ушбу рақамни 2030-йилга қадар 5 миллиард долларга етказиш режаси белгиланди.
Ташриф доирасида муҳим қўшма инвестиция лойиҳалари портфели ишлаб чиқилди. Бир қатор йирик ҳинд компаниялари билан аниқ келишувларга эришилди. Мулоқотлар давомида энергетика, нодир минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, электроника, машинасозлик, заргарлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш учун янги “ўсиш нуқталари” белгилаб олингани маълум қилинди.
Халқаро ва минтақавий майдонларда, жумладан, БМТ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати, БРИСС ва Глобал жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида сўз юритилар экан, мамлакатда Ҳиндистоннинг 4 та олийгоҳи фаолият кўрсатаётгани ҳамда Лал Баҳодур Шастри ва Маҳатма Ганди номидаги марказлар самарали ишлаётгани эътироф этилди. Шунингдек, 30 кунлик визасиз тартиб ва ҳафтасига 14 марта амалга оширилаётган ҳаво қатновлари туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши таъкидланди.
Давлат раҳбари сўзининг якунида эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида кенг қамровли “йўл харитаси” ишлаб чиқилишини билдириб, ҳиндистонлик ҳамкасби ва барча иштирокчиларга миннатдорлик изҳор этди.

