Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳамкорликнинг янги йўналишларини очмоқда
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 29−30-август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Етакчилар учрашуви арафасида Газета икки мамлакат муносабатлари қандай ривожлангани ва ҳозирда ҳамкорликнинг қайси йўналишлари олдинги ўринларга чиқаётганини ўрганди.

Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳамкорликнинг янги йўналишларини очмоқда.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992-йил 18-мартда ўрнатилган. 2011-йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича томонлар стратегик шериклик ўрнатилганини эълон қилган.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар мунтазам тус олди, иқтисодий кун тартиби эса фармацевтика ва савдодан тортиб логистика, ИТ, энергетика ҳамда мудофаа соҳаларигача босқичма-босқич кенгайди.
Икки томонлама муносабатларда Шавкат Мирзиёевнинг 2018-йил 30-сентабр — 1-октабр кунлари Ҳиндистонга амалга оширган илк давлат ташрифи муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Унинг якунлари бўйича томонлар савдо, инвестициялар, фармацевтика, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва фан соҳаларини қамраб олган 20 га яқин ҳужжатни имзолади.
2019-йил январ ойида Шавкат Мирзиёев Нарендра Моди билан яна учрашди — бу гал Гандинагар шаҳрида бўлиб ўтган “Жўшқин Гужарат” (Вибрант Гужарат) йирик халқаро инвестиция саммитининг фахрий меҳмони сифатида. Ўшанда томонлар 2018-йилдаги келишувларнинг амалий ижросини муҳокама қилганди.
2020-йил декабр ойида Мирзиёев ва Модининг виртуал саммити бўлиб ўтди. Ҳиндистон томони учун бу Марказий Осиё давлатларидан бири билан ўтказилган илк икки томонлама виртуал саммит бўлди. Унинг якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги мустаҳкам шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилди ва яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди.
2022-йил январ ойида Ўзбекистон президенти онлайн форматда ўтган “Ҳиндистон — Марказий Осиё” биринчи саммитида иштирок этди. Мирзиёев фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш, вирусолог шифокорларни тайёрлашни йўлга қўйиш ҳамда рақамли инновациялар, финтех ва блокчейн технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Ўшанда Ўзбекистон етакчиси Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида алоқани таъминлайдиган Чобаҳор порти орқали транспорт коридорини ишлаб чиқиш бошланганини ҳам маълум қилганди.
Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди бошқа халқаро майдонларда ҳам мунтазам учрашиб келмоқда. Етакчиларнинг навбатдаги учрашуви 2022-йил сентабр ойида Самарқандда ШҲТ саммити доирасида бўлиб ўтди ва унда томонлар стратегик шерикликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.
2023-йил декабрида улар Дубайда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенсияси (СОП28) томонлари конференсияси доирасида, 2024-йил октабрида эса Қозонда бўлиб ўтган БРИКС саммитида икки томонлама кун тартибини муҳокама қилди. 2025-йил август ойида эса телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Савдо-иқтисодий, илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича Ҳиндистон — Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси фаол иш олиб бормоқда — унинг 14-йиғилиши шу йилнинг 19-июн куни бўлиб ўтди. Кун тартибидан савдо, инвестициялар, транспорт ва логистика, ИТ, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, таълим, туризм ҳамда минтақавий хавфсизлик масалалари ўрин олди.
Савдо-сотиқ икки томонлама муносабатларнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон статистикаси маълумотларига кўра, Ҳиндистон 2025-йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари рўйхатида тўққизинчи ўринни эгаллади.
Ўтган йили икки томонлама савдо айланмаси учдан бир қисмга ошиб, 1,318 миллиард долларни ташкил этди, саккиз йиллик динамика эса янада салмоқлироқ — тўрт баробар ўсиш қайд этилган.
Бунда савдо айланмасининг асосини Ҳиндистон маҳсулотлари — дори-дармонлар, автоеҳтиёт қисмлар, ускуналар ва хизматлар импорти (1,153 миллиард доллар) ташкил этади. Сўнгги бир йил ичида Ҳиндистон Ўзбекистонга мол гўшти етказиб берувчи энг йирик давлатга айланди ва республикага импорт қилинадиган бу турдаги гўштнинг қарийб ярми ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ўзбекистондан эса одатда ўғитлар, хизматлар, заргарлик буюмлари, мева-сабзавотлар ҳамда мойлаш материаллари экспорт қилинади.
Кейинги савдо марраси сифатида томонлар 2 миллиард долларли кўрсаткични кўрсатмоқда. Унга эришиш учун товарларнинг бозорларга ўзаро киришини кенгайтириш, транспорт инфратузилмаси ва тўлов механизмларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги 400 га яқин корхона фаолият юритмоқда, 2025-йилда Ҳиндистондан жалб қилинган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 247 миллион долларни ташкил этди. Умуман олганда, 2016−2025-йиллар давомида Ҳиндистондан жалб этилган жами инвестициялар ва кредитлар ҳажми 587 миллион долларга етган.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда Ҳиндистон бизнесининг Ўзбекистон бозорини ўрганишдан амалий инвестиция киритишга ўтаётгани кузатилмоқда, қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели эса 5 миллиард доллардан ошади.
Сўнгги йилларда анъанавий фармацевтика ихтисослигига рақамли технологиялар, соғлиқни сақлаш, энергетика, тоғ-кон саноати ва инфратузилма йўналишлари ҳам қўшилди. Бу Ҳиндистон иштироки кўламини кенгайтирмоқда, аммо йирик инвестиция лойиҳаларининг салмоқли қисми ҳозирча амалга ошириш ёки тайёргарлик босқичида турибди.
Савдони кенгайтиришда логистика масаласи катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон денгизга тўғридан тўғри чиқиш имконига эга эмас ва Ҳиндистонга борадиган тўғридан тўғри қуруқлик йўли ҳам йўқ. Шу сабабли Тошкент Эрон орқали Ҳиндистон бозорига чиқишнинг бир нечта вариантларини кўриб чиқмоқда. 2024-йил май ойида Ҳиндистон ва Эрон ҳукуматлари Эроннинг Чобаҳор портини бошқариш ва ривожлантириш бўйича узоқ муддатли икки томонлама шартнома имзолади. Ундан Ўзбекистон томонининг фойдаланиши ўзбек юкларини Ҳиндистонга ва ундан кейин Жанубий Осиёнинг бошқа бозорларига етказиб беришнинг истиқболли йўналиши сифатида муҳокама қилинмоқда.
2025-йил июн ойида “Ҳиндистон — Марказий Осиё” мулоқотининг тўртинчи йиғилишида вазирлар “Шимол — Жануб” халқаро транспорт йўлагидан (ИНСТС) янада фаол фойдаланиш зарурлигини тасдиқлади, унда Чобаҳор портига катта аҳамият қаратилган.
Ҳиндистон, хусусан, Ўзбекистоннинг ИНСТСъга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Мулоқот якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда тўғридан тўғри ва транзит юк ташишларни кўпайтириш ҳамда молиявий боғлиқликни такомиллаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Томонлар рақамли тўловлар, банклараро механизмлар ва миллий валюталардан фойдаланишни муҳокама қилмоқда.
Ҳарбий ҳамкорлик алоҳида йўналиш сифатида ривожланиб бормоқда. 2019-йилда икки мамлакат мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма ищи гуруҳ тузган. 2025-йил август ойида унинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтганди.
2019-йилдан буён икки давлат полигонларида навбатма-навбат ўтказиб келинаётган “Дўстлик” қўшма ҳарбий машғулотлари асосий амалий элемент бўлиб қолмоқда. Машғулотларда, авваламбор, терроризмга қарши кураш билан боғлиқ, жумладан, тоғли ва чўл ҳудудларидаги бўлинмаларнинг ҳаракатлари машқ қилинади. Ҳисоб бўйича еттинчи машғулотлар шу йилнинг апрел ойида Наманган вилоятидаги “Ғурумсарой” полигонида бўлиб ўтди.
Шунингдек, мудофаа саноати тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида ривожланмоқда. Ўзбекистон Мудофаа саноати агентлиги делегацияси Аеро Индиа 2025 кўргазмасида иштирок этди. Гап асосан тажриба алмашиш, таълим, машғулотлар ва мудофаа идоралари ўртасидаги алоқалар ҳақида бормоқда.

