“Ўлим фариштаси эмасмиз” – тез тиббий ёрдам фелдшери
Алёр Саидмирзаев 35 йилдан бери Фарғона шаҳар Тез тиббий ёрдам бўлимида фелдшер бўлиб ишлайди. Касбининг иссиқ-совуғи, пасту-баландини татиган қаҳрамонимиз соҳанинг бугунги кундаги ҳолати, ишдаги масъулият ҳамда одамларнинг шифокорларга бўлаётган муносабати ҳақида сўзлаб берди. “Чақирувга борганимизда баъзан бизни ҳақорат қилишади, кези келганда калтаклашади ҳам, лекин барчасига чидаймиз”, – дейди у.

“Ўлим фариштаси эмасмиз” – тез тиббий ёрдам фелдшери
Алёр Саидмирзаев 35 йилдан буён Фарғона шаҳар Тез тиббий ёрдам бўлимида фелдшер сифатида фаолият юритади. “Чақирувга борганда баъзан бизни ҳақорат қилишади, баъзан калтаклашади ҳам, лекин барчасига чидаймиз”, – дейди у.
Тарсаки тушганда кўзимдан ёш чиқиб кетди...
“Ишимизда хотиржамлик йўқ. Масъулиятимиз эса жуда катта. Вазиятлар турлича бўлади. Манзилга борганимизда кеч келдинг, деб ҳақорат қилишади. Иложи борича вазминлик билан бемор ва унинг яқинларига яхши гапириб, эр-хотин жанжаллашган бўлса яраштириб, дори-дармонларни қилганимиздан кейин ҳолат яхши томонга ўзгаради. Кўп ҳолларда беморнинг асаби бузилганда тутқаноқ ҳам бошланиши мумкин, ёрдам кўрсатамиз...
Асабий одамлар жуда кўп. Одамлар учун бир дақиқа бир соатдек туюлади. Етиб борганимизда бақиради, чақиради, кеч келдинг деб ҳақорат қилади, лекин чидаймиз... Иложи борича уларга вазминлик билан муомала қилишга ҳаракат қиламиз. Биринчи ёрдам кўрсатилиб, беморнинг қон босими ёки тана ҳарорати тушгандан кейин улар миннатдорчилик билдиради.
Ҳар хил ҳолатлар бўлади. Бир чақирувга борганимизда эркак кишига биринчи ёрдам кўрсатилди. Барча ёрдамга қарамасдан беморнинг қон босими тушмади. Иложсизликдан беморни носилкага олдик. Шу пайт қаердандир ит келиб, елкамни тишлаб олди. Ўша куни кимгадир биринчи ёрдам кўрсатишга борганман, лекин ўзимга биринчи ёрдам кўрсатилди. Ишимни йиғиштириб қўйиб, бир муддат даволанишга мажбур бўлдим.
Кунларнинг бирида чақирув бўлди. Боришимизга 80 ёшга кирган чол юраги ушлаб, яъни инфарктдан вафот этган эди. Хотини эрим ўлдими, деб мендан сўради. Энди холажон, Худо раҳмат қилсин, умри шунча экан, қўлимиздан келгани шу деганимни биламан, юзимга бир шапалоқ келиб тушди. Кўзимдан беихтиёр ёш чиқиб кетди. Ўшанда уй бекасининг қилган иши жуда оғир ботган. Ўтириб олиб йиғлаганман”, – дейди фелдшер Алёр Саидмирзаев.

