«Ўзмиллийбанк» АЖ ҳамда «Ипак йўли» жамғармаси ўртасида 395 миллион долларлик лойиҳалар бўйича келишув имзоланди
Ҳамкорлик доирасида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, замонавий пуллик тезюрар автомобил йўлларини

«Ўзмиллийбанк» АЖ ва «Ипак йўли» жамғармаси ўртасида 395 миллион долларлик лойиҳалар бўйича келишув имзоланди
Ўзбекистонда йирик инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш борасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Шу доирада «Ўзмиллийбанк» АЖ Хитойнинг Ипак йўли жамғармаси билан қиймати 395 миллион АҚШ долларигача бўлган лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан келишувга эришди.
Келишув Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бощилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудудига амалга оширилган юқори даражадаги ташрифи доирасида имзоланди.
Мазкур ҳужжат 9–10-сентябр кунлари Гонконгда ўтказилган «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг 11-саммити доирасида расмийлаштирилди. Саммит инвестициявий ва молиявий ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдон сифатида ташкил этилди.
Келишувга кўра, «Ўзмиллийбанк» ва Ипак йўли жамғармаси Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда танлайди, уларни баҳолайди ҳамда молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқади. Кейинчалик танланган лойиҳаларни Ипак йўли жамғармасининг узоқ муддатли кредит линиялари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.
Ҳамкорлик доирасида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, замонавий пуллик тезюрар автомобил йўлларини қуриш билан боғлиқ лойиҳалар устувор йўналишлардан бири бўлади.
Мазкур келишув 2026-йилга мўлжалланган Давлат инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам уйғунлашади. Унга кўра, «Ўзмиллийбанк» зиммасига Ўзбекистондаги устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун етакчи халқаро молия институтларидан жами 1,5 миллиард АҚШ доллари эквивалентида маблағ жалб этиш вазифаси юклатилган.
Ипак йўли жамғармаси билан эришилган янги келишув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги молиявий-инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, у Ўзбекистон–Хитой стратегик шериклиги доирасида, жумладан, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида аниқ инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратади.
Маълумот учун, «Ўзмиллийбанк» АЖ 1991-йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги тизимли аҳамиятга эга энг йирик банклардан бири ҳисобланади. 2025-йил якунларига кўра, банк активлари 12 миллиард АҚШ долларидан, кредит портфели 9 миллиард доллардан, жами капитали 1,6 миллиард доллардан ошган. Банкнинг соф фойдаси 160 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Ипак йўли жамғармаси эса Хитой Халқ Республикасининг давлат инвестиция жамғармаси бўлиб, 2014-йилда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

