Иқтисодиёт

Ўзбекистондан жўнатилган пиёз ва сабзи маркировкадаги камчиликлар тузатилгач, Қирғизистонга киритилгани маълум қилинди

Ўзбекистондан Қирғизистонга юборилган пиёз ва сабзи маҳсулотлари маркировкадаги нуқсонлар бартараф этилгач, мамлакатга киритилгани маълум қилинди.

Аввалроқ, Ўзбекистондан экспорт қилинган 23 тонна пиёз ва 5 тонна сабзи маркировка қоидаларига риоя қилинмагани сабабли Қирғизистон чегарасида тўхтатилган эди. Бироқ, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг хабар беришича, ушбу камчиликлар тузатилгандан сўнг, маҳсулотлар Қирғизистон ҳудудига киритилиб, сотишга рухсат берилган.

Аниқланишича, Фарғона вилоятида етиштирилган пиёз ва сабзи “Ўзбекистон” чегара пости орқали Қирғизистонга жўнатилган. Маҳсулот қадоқларида мажбурий маркировка мавжуд бўлмагани учун юк чегарада ушлаб қолинган. Юк эгасининг сўзларига кўра, камчиликлар бартараф этилгач, маҳсулот Қирғизистон ҳудудига олиб кирилган.

Қирғизистоннинг карантин-фитосанитар қоидаларига мувофиқ, мамлакатга олиб кириладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг ҳар бир қадоғида маҳсулот номи, келиб чиқиш мамлакати, экспортчи ва/ёки реекспортчи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт. Бу талаблар маҳсулотнинг келиб чиқишини аниқлаш, юкни идентификация қилиш ва фитосанитар назоратни таъминлаш мақсадида қўлланилади.

Қўмита экспортёрларни маҳсулот жўнатишдан олдин импорт қилувчи давлатнинг маркировка, қадоқлаш ва бошқа фитосанитар талабларини синчковлик билан текширишга чақирди. Бу чоралар юкларнинг чегарада тўхтатилишининг, қўшимча харажатларнинг ва экспорт жараёнидаги кечикишларнинг олдини олишга ёрдам беради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.