Беларус Ўзбекистонга 4 минг тонна юк ортилган поезд жўнатди
Беларусдан Ўзбекистонга «Славян карвони» лойиҳаси доирасида иккинчи юк поезди йўлга чиқди. Қарийб 4 минг тонна маҳсулот ортилган поезд нафақат Ўзбекистонга, балки Қирғизистон ва Тожикистон бозорларига ҳам юк етказиб беради.

Беларус Ўзбекистонга 4 минг тонна юк ортилган поездни жўнатди.
Жорий йилнинг 3-август куни Орша-Восточная темирйўл стансиясидан "Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон" йўналиши бўйича навбатдаги юк поезди йўлга чиқди. "Беларус темирйўллари" хабарига кўра, ушбу поездга қарийб 4 минг тонна ёғочни қайта ишлаш саноати маҳсулотлари ва озиқ-овқат юкланган. Бу юклар Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам етказиб берилади.
Шу билан бирга, 30-июл куни йўлга чиққан биринчи поезд 4 минг километрлик масофанинг қарийб 2,5 минг километрини босиб ўтиб, ҳозирда Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланмоқда.
Лойиҳани амалга оширувчиларнинг таъкидлашича, "Славян карвони" озиқ-овқат, кимё, қурилиш материаллари, ёғочни қайта ишлаш ва машинасозлик маҳсулотлари экспортчилари учун янги логистика имкониятларини яратади. Бундан ташқари, ушбу йўналиш Ўзбекистон орқали Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари бозорларига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
"Славян карвони" лойиҳаси Ўзбекистон президентининг жорий йил июл ойида Беларусга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида йўлга қўйилган.

