Ўзбекистондаги икки йил: ўзгаришлар, инсонлар ва имкониятлар ҳақида мулоҳазалар. Акико Фужии колонкаси
Ўзбекистоннинг энг катта имконияти — унинг одамлари, ҳар бир инсон мамлакатдаги ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўша олиши ва уларнинг натижаларидан баҳраманд бўлишида. БМТТДнинг доимий вакили Акико Фужии мамлакатдаги икки йиллик фаолияти якунлари бўйича янги колонкасида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

**Ўзбекистондаги икки йил: ўзгаришлар, инсонлар ва имкониятлар ҳақида мулоҳазалар. Акико Фужии колонкаси**
**Муаллиф: Акико Фужии, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили**
Ўзбекистонга икки йил аввал, июл ойида келганимда, ўрганган илк сўзларимдан бири "чилла" бўлган эди. Бу – ёзнинг энг иссиқ 40 кунини англатади. Мамлакатдаги барча каби, мен ҳам бу йилги чилланинг расман якунланганидан жуда хурсанд бўлдим. Ўзбекистондаги БМТТДда бу воқеани мавсумга мос тарзда, яъни қовун билан нишонладик. Қовун ҳар доим мазали бўлса-да, бу сафар унинг ширинлиги айниқса ёдда қоларли туюлди. Балки қовун июл ойининг ниҳоясида пишгани учун шундай ширин бўлгандир. Ўзгидромет маълумотларига кўра, бу ой одатдагидан анча иссиқ бўлди ва Тошкентда ҳарорат +44,3 даражага етиб, тарихий рекордга деярли тенглашди.
Бу эса мени биринчи мулоҳазам – иқлим ўзгариши ҳақидаги фикрларим сари етаклайди.
Иқлим ўзгариши бутун дунёда бизга таъсир қилишда давом этмоқда, аммо бу таъсир ҳамма жойда бир хил эмас. Иқлими қурғоқчил бўлган ва мамлакат ҳудудининг катта қисмини чўл ландшафтлари эгаллаган Ўзбекистонда ерларнинг 25 фоиздан ортиғи аллақачон деградацияга учраган, қарийб 45 фоизи эса чўлланиш хавфи остида. Бу ерда иқлим ўзгариши мавҳум тушунча эмас, балки кундалик ҳаётнинг бир қисмидир. Бу айниқса муҳим, чунки мамлакат сув ресурсларининг 80 фоизи ҳудуд ташқарисидан келади. Сув кодексининг яқинда қабул қилиниши ва сувга йўналтирилган ислоҳотлар тўғри йўналишдаги қадамдир, бироқ иқлимга чидамлиликни кучайтириш ҳар бир даражада саъй-ҳаракатларни талаб қилади: келажак учун муҳим бўлган минтақавий ҳамкорликдан тортиб, ҳар бир маҳаллада сувни тежаш борасидаги ҳаракатларгача.
БМТТД мамлакатнинг, айниқса, Оролбўйи минтақаси каби заиф ҳудудлардаги саъй-ҳаракатларига фаол ҳисса қўшаётганидан мамнунман. Биз табиатнинг ҳолати, муносиб иш ўринлари ва самарали маҳаллий бошқарув инсонлар ҳаётини жойларда яхшилашда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини эътироф этган ҳолда, интеграциялашган портфел ёндашувини жорий эта бошладик. Ҳудудларга ташрифларим давомида сувни тежашнинг янги усулларини синаб кўраётган, балиқчилик ва қишлоқ хўжалигида иш ўринлари яратаётган кўплаб аёллар ва эркаклар билан учрашдим. Энди бу ташаббусларни кенгайтириш вақти келди.
Бугун қабул қилинаётган қарорлар уларнинг оқибатларини ким мерос қилиб олишини ҳисобга олганимизда янада муҳим аҳамият касб этади: бу Ўзбекистоннинг ниҳоятда ёш ва ўсиб бораётган аҳолисидир.
Бу мамлакатга илк бор келганимда, ёшларнинг ғайрати мени ҳайратга солганди. Ёшлик кучи ҳақидаги бу таассуротим йиллар давомида янада кучайди. Ўзбекистон бу йил аҳолини рўйхатга олиш орқали маълумотлар тўплаш борасида муҳим қадам ташлади. Шаклланаётган демографик манзара олдинда турган имкониятлар ва масъулият кўламини бирдек кўрсатмоқда: аҳоли сони 39 миллиондан ошди, беш ёшгача бўлган болалар эса ҳозирда аҳолининг энг катта гуруҳини ташкил этмоқда.
Ўзбекистоннинг ФИФА Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этиши ҳам мен учун ёшлар кучининг яна бир ифодаси бўлди. Аммо ёш аҳолининг салоҳияти фақат рақамлар билан чекланмайди. Демографик дивиденд ўз-ўзидан юзага келмайди. Инсон капиталини ривожлантириш, яъни истеъдодларни ривожлантириш ва ундан ҳам муҳими, уларни мамлакатда сақлаб қолиш муҳимдир.
Бунга таълим сифати, кўникмаларни ривожлантириш ва касбий тайёргарлик, соғлиқни сақлаш, инфратузилмадан фойдаланиш имконияти, давлат хизматлари ва одил судлов киради. Айнан шу омиллар Ўзбекистоннинг демографик салоҳияти келажакдаги фаровонликка айланиш-айланмаслигини белгилайди.
Шу билан бирга, ўзгараётган нарса фақат аҳоли сони эмас – одамларнинг яшаш тарзи ҳам ўзгариб бормоқда. Ўзбекистонда илк бор аҳолининг кўпчилиги, яъни 54,5 фоизи шаҳарларда яшамоқда.
Урбанизация яна бир чуқур ўзгариш, кундалик ҳаётнинг тобора рақамли тус олиши билан бирга кечмоқда. Мен ёшларнинг замонавий рақамли ва сунъий интеллект томонидан яратилган ахборотдан мисли кўрилмаган даражада фойдаланиш имкониятига эга бўлаётганини, шаҳарларда ҳаракатланиш ва мустақилликнинг янги имкониятлари пайдо бўлаётганини, иқтисодий имкониятлар эса кенгаяётганини кўрмоқдаман.
Бу ривожланишлар улкан имкониятларни очиб бермоқда. Шу билан бирга, ҳар қандай ўзгариш янги саволларни ҳам юзага келтиради. Ҳаёт тарзи тобора шаҳарлашиб ва рақамлашиб бораётган бир пайтда, маҳаллада яққол намоён бўладиган ўзаро ғамхўрлик ва ҳамжамиятга хос кучли анъаналар қандай қилиб ривожланишда давом этиши мумкин? Шунингдек, рақамли алоқа кенгайиши инсонларнинг имкониятларини ошириш билан бирга, уларни зарарнинг янги шаклларига дучор қилмаслигини қандай таъминлашимиз мумкин?
Онлайн зўравонлик ва рақамли молиявий жиноятлар, айниқса, ижтимоий жиҳатдан заиф гуруҳлар учун хавф туғдираётгани технологик тараққиёт таълим, хабардорлик ва самарали профилактика тизимлари билан бирга бориши кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал этишга ёрдам бериш учун ҳамкорларимиз билан самарали ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунман.
Мен учун бу Ўзбекистон трансформациясининг энг қизиқарли жиҳатларидан биридир: иқтисодий ва технологик ўзгаришлар одамларнинг қандай яшаши, ишлаши ва бир-бирига ғамхўрлик қилишини ҳам қайта шакллантирмоқда. Бу ўзгариш аёллар учун мавжуд имкониятларнинг ўзгаришида айниқса яққол намоён бўлмоқда.
Сўнгги икки йил давомида жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш борасида кучли сиёсий ирода мавжудлигига гувоҳ бўлдим. Сўнгги бир неча йил ичида аёл тадбиркорлар сони ҳам 7 баравар ошди. Бироқ имкониятлар яратиш масаланинг фақат бир қисмидир.
Аёлларнинг ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши ҳам уйда нималар содир бўлишига боғлиқ. Аёллар ҳафтасига ўртача 46,92 соатини болалар парвариши билан боғлиқ ҳақ тўланмайдиган ишларга сарфлайди. Бу эса уларнинг касбий ривожланиши ва иқтисодий иштирокига таъсир қилади.
Бу мени яна Ўзбекистоннинг ёш аҳолисига қайтаради. Демографик дивиденд вақт билан чекланган бўлиб, у нафақат ёшларни келажакдаги меҳнат бозорига тайёрлашга, балки болалар ва кексаларга сифатли ғамхўрлик кўрсатишга ҳам боғлиқ. Бу муҳим иш адолатли тарзда, давлат ва хусусий секторнинг фаол қўллаб-қувватлаш тизимлари асосида амалга оширилиши керак. Фақат адолатли, сифатли ва барқарор парвариш тизими орқали аёллар ва эркакларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга эришиш мумкин. Шундай экан, комплекс парвариш тизимига киритилган инвестиция инсон капиталига, аёлларнинг иқтисодий иштирокига ва пировардида Ўзбекистоннинг келажакдаги фаровонлигига киритилган инвестициядир.
Иқлимга чидамлилик, ёш аҳоли, тез ўзгараётган шаҳарлар, рақамли трансформация, аёлларнинг иқтисодий иштироки ва парвариш каби масалалар бир-биридан жуда фарқли кўриниши мумкин. Аммо Ўзбекистондаги икки йилдан сўнг мен уларни тобора бир ҳикоянинг турли қисмлари сифатида кўрмоқдаман: тез ўзгараётган ва бугун қабул қилаётган қарорлари келажак авлод учун мавжуд имкониятларни белгилаб бераётган мамлакат.
Икки йил мамлакатни тўлиқ англаш учун етарли бўлмаслиги мумкин, аммо унинг ғайрати ва интилишларидан илҳомланиш учун етарлича узоқ вақт.
Ўзбекистон бўйлаб лойиҳаларимиз амалга оширилаётган ҳудудларга сафарларим давомида сувни тежовчи технологияларни синаб кўраётган фермерлар, бизнес қураётган аёллар, янги имкониятлардан фойдаланаётган ёшлар ва ўз ҳаётларини яхшилаш учун бирлашаётган жамоалар билан учрашдим.
Бу учрашувлар мени Ўзбекистоннинг энг катта имконияти унинг инсонларида эканига ва мамлакат трансформациясига ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўша олиши ҳамда ундан манфаат кўришини таъминлаш муҳимлигига ишонтирди.
Ўзбекистонни мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман ва ушбу муҳим лаҳзани Ўзбекистон халқи билан биргаликда нишонлаш шарафига муяссар бўлаётганимдан фахрланаман. Мамлакат учун ривожланиш борасида ноёб имкониятлар даврида Ўзбекистондаги БМТТДда хизмат қилаётганимдан ғоят мамнунман.

