Ўзбекистонда уй-жой нархлари ўсди, ипотека кредитлари 48 фоизга кўпайди
Марказий банк таҳлилига кўра, аҳоли даромадлари, иқтисодий фаоллик ва ипотека кредитлари талабни қўллаб-қувватлаган бўлса, қурилиш

Ўзбекистонда уй-жой нархлари ошди, ипотека кредитлари 48 фоизга кўпайди
2026-йил ИИ чорагида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида талаб ҳам, таклиф ҳам бир пайтнинг ўзида ўсишда давом этди. Марказий банк таҳлилига кўра, аҳоли даромадлари, иқтисодий фаоллик ва ипотека кредитлари талабни қўллаб-қувватлаган бўлса, қурилиш ишлари ҳамда турар-жойга йўналтирилган инвестициялар таклифни оширди.
Апрел–июн ойларида республика бўйича 74,4 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли ўзгармаган — ўсиш 0,1 фоиз. Ҳудудлар кесимида Хоразм вилоятида битимлар сони 17,8 фоизга, Навоий ва Сирдарёда қарийб 7,5 фоизга, Қорақалпоғистонда 6,1 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида эса ўсиш 2 фоизни ташкил этган.
Уй-жой бозорида ипотека кредитлари асосий қўллаб-қувватловчи омиллардан бири бўлиб қолди. ИИ чоракда банклар томонидан 7,4 трлн сўмлик ипотека кредити ажратилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига қараганда 48 фоиз кўп. Йилнинг биринчи ярмида ипотека кредитлари ҳажми 13,1 трлн сўмга етган.
Шу билан бирга, уй-жой таклифи ҳам кенгайган. Январ–июн ойларида 7,7 млн квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилиб, бу кўрсаткич бир йил ичида 7,2 фоизга ошган. Турар-жой қурилишига 27,3 трлн сўм инвестиция йўналтирилган.
Июн ойида кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархи бирламчи бозорда сўм ҳисобида йиллик 6,2 фоиз, иккиламчи бозорда эса 6,3 фоиз қимматлашган. Доллар ҳисобида ўсиш мос равишда 12 ва 12,2 фоизни ташкил этган.
Ижара бозорида ҳам нархлар кўтарилган. Республика бўйича кўп қаватли уйларда ижара нархи июнда сўм ҳисобида йиллик 7,1 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида эса ўртача ижара нархи 1 квадрат метр учун ойига 114 минг сўм ёки 9,5 доллар атрофида бўлган.
Пойтахтда ер участкалари нархида йиллик пасайиш қайд этилган. Июн ойида 100 квадрат метр, яъни 1 сотих ернинг ўртача таклиф нархи қарийб 292 млн сўм бўлиб, бир йил аввалгига нисбатан 9 фоиз арзонлашган. Бироқ май ойига нисбатан нархлар 2,6 фоизга тикланган.
Марказий банк баҳосига кўра, қурилиш ҳажми ва янги уй-жой таклифининг ўсиши бозордаги талабни мувозанатлаштириб, нархларнинг нисбатан мўътадил ўсишига хизмат қилмоқда.

