Ўзбекистонда режали электр узилишлари ҳақида истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирилиш тизими ишга тушиши мумкин
Ўзбекистонда режали электр узилишлари ҳақида олдиндан огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқилмоқда. ъҲЕТъ раҳбарининг айтишича, Узинфосом билан рақамлаштириш лойиҳаси муҳокама қилинган. Дастлабки тақдимот ўтказилган, тизимни ишга тушириш муддати эса кейинги тақдимотдан сўнг аниқлаштирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда режали электр узилишлари ҳақида истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантириш тизими йўлга қўйилиши мумкин
Ўзбекистонда электр истеъмолчиларини режали узилишлар ҳақида бир-икки кун олдин хабардор қилиш тизимини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари Сардор Искулов маълум қилди.
Сардор Искуловнинг айтишича, электр таъминотидаги барча узилишларни бутунлай йўқотишнинг имкони йўқ. Чунки тармоқларда авариявий узилишлар ҳам юз бериши мумкин. Шу билан бирга, ускуналарни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун режали узилишлар зарур.
“Агар режали равишда электрни ўчириб, айрим тармоқларни модернизация қилмасак, қишки мавсумдан муаммолар билан ўтамиз”, — деди корхона раҳбари.
Унинг тушунтиришича, таъмирлаш вақтида мутахассислар изоляторларни алмаштиради, симларни созлайди ва бошқа техник ишларни бажаради. Ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун эса таъмирланаётган тармоқни вақтинча ўчириш талаб этилади. Бир тармоққа ўртача 15−20 та трансформатор пункти уланган бўлиши мумкин. Шу сабабли таъмирлаш давомида мазкур пунктларда ҳам электр таъминоти узилади.
Корхона раҳбари маълум қилишича, у лавозимга келганидан кейинги тахминан икки ярим ой давомида тармоқлар фаолиятини рақамлаштириш стратегияси ишлаб чиқилган. Техник талаблар тайёрланиб, Узинфосом томонидан дастлабки тақдимот ўтказилган.
Рақамлаштириш тизими бир нечта вазифани қамраб олади. Жумладан, ходимларнинг иш жойидаги фаолияти, уларга берилган материалларнинг мақсадли етказилиши ва муайян қурилмаларда бажарилаётган таъмирлаш ишларини назорат қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, истеъмолчиларга режали узилишлар ҳақида олдиндан хабар бериш механизми жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Искуловнинг мисолига кўра, муайян трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари режалаштирилса, унга уланган истеъмолчиларнинг телефон рақамлари орқали бир ёки икки кун олдин Телеграм ботдан огоҳлантириш юборилади. Хабарда электр таъминоти қайси куни ва соат нечадан нечагча узилиши, шунингдек, келтирилган ноқулайлик учун узр сўралиши кўзда тутилган.
Корхона раҳбарининг айтишича, Узинфосом илованинг дастлабки вариантини тақдим этган. Унда истеъмолчилар билан ишлаш, ходимлар фаолиятини назорат қилиш ва колл-марказ функсияларини бирлаштириш режалаштирилган.
Бироқ тизимни ишлаб чиқиш бўйича техник талабларга қўшимча ўзгартиришлар киритиш тавсия этилган. Шу сабабли навбатдаги тақдимот келаси ҳафтага белгиланган.
“Ҳозирча аниқ муддат айтилмаган. Улар тахминан икки-уч ой вақт сўраяпти, чунки рақамлаштириш учун маълумотлар базасига барча маълумотларни киритишимиз керак”, — деди Искулов.
Демак, ҳозирча Телеграм орқали огоҳлантириш тизимининг ишга тушиш санаси белгиланмаган. Унинг муддати кейинги тақдимотдан сўнг аниқлаштирилиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида электр узилишлари нима учун қишда кўпроқ норозилик келтириб чиқариши ҳақида ҳам савол берилди.
Сардор Искулов таъмирлаш ишлари ёзда ҳам, қишда ҳам узлуксиз олиб борилишини айтди. Унинг фикрича, совуқ об-ҳаво ва кунларнинг қисқариши сабабли истеъмолчилар қишдаги узилишларни кўпроқ сезади.
Корхона раҳбари электр таъминотидаги узилишлар сони ва уларнинг давомийлиги халқаро рейтинг кўрсаткичларида ҳам акс этишини қайд этди. Ушбу маълумотлар билан het.uz платформаси орқали танишиш мумкинлигини билдирди.
Искуловнинг таъкидлашича, режали узилишлар ҳақида олдиндан хабар бериш тизими истеъмолчиларга кунлик режаларини шунга мослаштириш имконини беради. Бу эса электр тармоқлари корхонаси билан истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.

