Ўзбекистонда олимлар сони кескин кўпайди
Ўсиш йил давомида 1,8 минг нафар ёки 60 фоизни ташкил этган

Ўзбекистонда илмий даражага эга мутахассис-тадқиқотчилар сони сезиларли даражада ошди. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, фалсафа доктори (ПҳД) илмий даражасига, шунингдек, хорижий давлатда олинган фан номзоди илмий даражаси ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражага эга бўлган мутахассислар сони 15,5 минг нафарни ташкил этмоқда.
Бу кўрсаткич 2025-йил 1-январ ҳолатига нисбатан 1,4 минг нафарга ёки 9,9 фоизга кўпайган. Фан доктори (ДСс) илмий даражасига эга мутахассис-тадқиқотчилар сони эса 2026-йил 1-январ ҳолатига кўра 4,8 минг нафарга етган. Бу борадаги ўсиш йил давомида 1,8 минг нафар ёки 60 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, жорий йил апрел ойида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов "Жадид" нашрига берган интервюсида илмий ишлардаги юзакилик ва кўчирмакашлик ҳолатларини, шунингдек, мансабдор шахслар орасида фан докторлари сонининг кўпайишини танқид қилган эди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар мамлакат фанининг обрўсига салбий таъсир кўрсатади.
Ушбу танқидлардан сўнг, жорий йил май ойида Олий аттестация комиссияси раиси Аҳмадбек Юсупов лавозимидан озод этилди. Комиссиянинг ўзи эса Олий таълим вазирлиги тизимидан Фанлар академияси тизимига ўтказилди.
Илмий даража бериш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар кўп йиллардан буён илгари сурилмоқда. Ўзбекистон президентининг "Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонига асосан, 2027-йил 1-январдан бошлаб илмий даражалар беришда бир қатор талаблар бекор қилиниши режалаштирилган.

