Ўзбекистонда докторантурага қабуллар сони ортмоқда
2025-йилда илмий кадрлар тайёрлаш тизимидаги рақамларда ўсиш тенденсияси қайд этилди

Ўзбекистонда докторантурага қабул қилиш кўрсаткичлари ўсиб бормоқда.
2025-йил якунига кўра, Ўзбекистонда таянч докторантурага эга ташкилотлар сони 165 тага етди. Бу 2024-йилга нисбатан 19 тага ёки 13 фоизга кўпроқдир. Шу билан бирга, таянч докторантурага қабул қилинганлар сони 4 минг 159 нафарни ташкил этиб, бир йил ичида 324 нафарга ошди.
Йил охирига келиб таянч докторантурада таҳсил олаётганлар сони 8 минг 326 нафарга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 334 нафарга ёки 4,2 фоизга кўпдир. Таянч докторантурани битирганлар сони ҳам ўсиб, 2 минг 256 нафарни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 22 нафарга юқори бўлди.
Ҳудудлар кесимида таянч докторантурага эга ташкилотлар энг кўп Тошкент шаҳрида — 84 та, Тошкент вилоятида — 17 та ва Самарқанд вилоятида — 14 та қайд этилди. Энг кам кўрсаткич Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида кузатилди.
Таянч докторантурага қабул бўйича ҳам Тошкент шаҳри етакчилик қилди. Пойтахтда 1 минг 682 нафар докторант қабул қилинган бўлса, Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 386 нафарни, Наманган вилоятида эса 330 нафарни ташкил этди.
Йил якунига кўра, таянч докторантурада таҳсил олаётганлар сони бўйича Тошкент шаҳри 2 минг 842 нафар билан биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринларда Бухоро вилояти — 831 нафар ва Самарқанд вилояти — 825 нафар билан қайд этилди.
Таянч докторантурани битирганлар сони бўйича ҳам Тошкент шаҳри етакчи бўлиб, 772 нафар битирувчига эга бўлди. Самарқанд вилоятида 295 нафар, Наманганда эса 217 нафар докторант ўқишни якунлади.
2025-йилда докторантурага эга ташкилотлар сони 124 тага етди. Бу бир йилда 24 фоизга ошган. Докторантурага қабул қилинганлар сони 604 нафарни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 23,3 фоизга кўпайди. Йил якунига келиб докторантлар сони 1 минг 309 нафарга етган бўлса, битирувчилар сони аксинча 252 нафарни ташкил этиб, 3,8 фоизга камайди.

