Ўзбекистонда ўлат бўйича эпидемиологик вазият барқарор — мутахассис
Ўзбекистонда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор, ҳозирча хавотирланиш учун асос йўқ. Бу ҳақда

Ўзбекистонда ўлат бўйича эпидемиологик ҳолат барқарор — мутахассис
Ўзбекистонда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор бўлиб, ҳозирча хавотирга асос йўқ. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков маълум қилди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Россиянинг Иркуцк шаҳрида ўлат касаллиги, жумладан унинг ўпка шакли билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Атабековнинг айтишича, Россиянинг Роспотребнадзор ташкилоти расмий маълумотларига кўра, Иркуцкда кузатилган ҳолатнинг ўлат касаллиги билан боғлиқлиги ҳозирча тасдиқланмаган. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан текширувлар давом этмоқда.
Мутахассис ўлат бактериялар келтириб чиқарадиган ўта хавфли юқумли касаллик эканини таъкидлади. Касалликнинг табиий ўчоқлари дунёнинг айрим ҳудудларида мавжуд бўлиб, у асосан майда сут эмизувчи ҳайвонлар орасида учрайди. Инсонга эса кўп ҳолларда касалланган ҳайвонлар ёки улардаги бургалар чақиши орқали юқиши мумкин.
Ўзбекистонда ўлат ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликларнинг четдан кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш бўйича назорат тизими амал қилмоқда.
Хусусан, давлат чегараларини кесиб ўтиш жойлари — халқаро аеропортлар, темир йўл стансиялари ва автомобил йўлларида 53 та санитария назорат пункти фаолият юритмоқда. Улар орқали хориждан кириб келаётган шахслар тиббий кузатувдан ўтказилади.
Шунингдек, ҳудудий санитария-эпидемиология хизматларининг ўта хавфли юқумли касалликларни аниқлашга ихтисослашган лабораториялари зарур диагностика воситалари, озуқа муҳитлари, реагент ва реактивлар билан таъминланган.
ССВ маълумотига кўра, ҳозирги вақтда мамлакатда ўлат касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор.

