Ўзбекистонда криминоген вазиятни баҳолашнинг янги модели жорий этилади
Ҳудудлардаги хавфсизлик даражасини баҳолаш учун “криминоген барқарорлик индекси” шакллантирилади. Унда аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади. Жиноятчилик хавфларини сунъий интеллект ёрдамида прогнозлаш ҳам режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда криминоген вазиятни баҳолашнинг янги модели жорий этилади
Ўзбекистонда криминоген вазиятни баҳолашнинг янги модели жорий этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 4-ноябр куни танишган ҳуқуқбузарликлар профилактикасини такомиллаштириш юзасидан тақдимотда маълум қилинди.
Қайд этилишича, амалдаги баҳолаш усуллари асосан статистик маълумотларга таянган. Жиноятчиликка таъсир кўрсатувчи ижтимоий-иқтисодий омиллар етарли даражада таҳлил қилинмайди, давлат идораларининг мавжуд ахборот тизимлари эса бир-бири билан тўлиқ интеграциялашмаган.
Шу боис криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этиш таклиф этилди. Унга кўра, илк бор “криминоген барқарорлик индекси” шакллантирилади. Бунинг учун давлат идораларининг ахборот ресурсларини бирлаштирадиган ягона криминоген маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида жиноятчилик хавфларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, ҳудудларнинг криминоген хариталарини яратиш кўзда тутилган.
Янги механизмлар орқали ҳудуд ва маҳаллалардаги криминоген вазият мунтазам баҳоланади. Хавф даражасига қараб манзилли профилактика чоралари белгиланади, масъул идоралар фаолияти эса натижадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланади.
Тақдимотда мамлакатда хавфсизлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, ҳудудларда 263 мингта таниб олувчи камера, 70 мингта замонавий домофон ва 22 мингта ташвиш тугмаси ўрнатилган.
Ижтимоий профилактика чоралари орқали 2,1 миллион нафар шахснинг муаммолари манзилли ҳал этилган. Натижада криминоген вазияти энг оғир бўлган 809 та маҳалланинг 701 таси ушбу тоифадан чиқарилган. Қарийб 4,4 мингта маҳалла эса “яшил” тоифада қолмоқда.
Президент ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси бўлиб қолмаслиги, бу жараёнда барча масъул идоралар, маҳалла ва жамоатчилик ҳамкорликда ишлаши зарурлигини таъкидлади.
Тақдимот якунида криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этишни назарда тутувчи фармон имзоланди. Мутасаддиларга рақамли таҳлил ва мониторинг механизмларини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

