Маҳаллий

Ўзбекистонда Коксаки вируси алоҳида касаллик сифатида ҳисобга олинмайди — Санепидқўмита

Нурмат Отабеков касаллик аксарият ҳолларда енгил кечади, бироқ айрим беморларда зотилжам ва менингит каби асоратларни келтириб чиқариши мумкинлигини маълум қилди.

Ўзбекистонда Коксаки вируси алоҳида касаллик сифатида статистик ҳисобга олинмайди — Санепидқўмита

Ўзбекистонда Коксаки вируси алоҳида касаллик сифатида статистик қайд этилмайди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Мутахассиснинг изоҳига кўра, Коксаки энтеровирусларнинг бир тури бўлгани учун у билан касалланиш ҳолатлари энтеровирус инфексиялари умумий ҳисобида юритилиши мумкин. Отабеков куз-қиш мавсумида айрим юқумли касалликлар, жумладан, Коксаки вируси билан касалланиш хавфи ортишини таъкидлади.

Унинг айтишича, Коксаки вирусининг 70 га яқин тури бор, улардан асосан А ва Б турлари учрайди. Касаллик ўткир ичак инфексияларига ўхшаш кечиши, баъзи ҳолларда эса нафас йўллари ва ичак билан боғлиқ белгилар бирга кузатилиши мумкин.

Вируснинг А тури билан зарарланганда юз, лаб, бурун ва бармоқларда пуфакчалар пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд. Б тури эса ичак билан боғлиқ белгиларни, айрим ҳолларда ички аъзолардаги ўзгаришларни юзага келтириши мумкин.

Мутахассис касалланганларнинг аксарияти инфексияни енгил ўтказишини, айрим беморлар эса касалликка чалинганини сезмаслиги ҳам мумкинлигини билдирди. Шу билан бирга, баъзи ҳолатларда Коксаки вируси зотилжам ва менингит каби оғир асоратларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор.

Отабековнинг сўзларига кўра, касалликдан шубҳа қилинганда беморларга симптоматик даволаш чоралари қўлланади. У тўрт кундан ортиқ давом этадиган иситма ҳам ушбу инфексиядан шубҳаланиш учун асос бўлиши мумкинлигини қайд этди.

Санепидқўмита вакили Коксаки вируси билан боғлиқ тарқалаётган хабарлардан ортиқча хавотир олишга асос йўқлигини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, касаллик Ўзбекистон ҳудуди учун унчалик хос эмас. Вирус билан боғлиқ ҳолатлар кўпроқ Европа, Лотин Америкаси ва бошқа Ғарб мамлакатларида қайд этилади.

Мутахассис касалликнинг олдини олиш учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни яхшилаб ювиш ва касаллик белгилари пайдо бўлганда бошқалар билан мулоқотни чеклашни тавсия қилди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Ўзбекистон Фанлар академияси мамлакатда ҳантавируснинг одамдан одамга юқадиган “Андес” штамми қайд этилмаганини маълум қилганди.

Академия маълумотига кўра, минтақада учрайдиган ҳантавируслар ёввойи кемирувчилар орқали юқади. Мутахассислар инфексиялардан ҳимояланиш учун санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш зарурлигини таъкидлаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.