Ўзбекистонда исломий молиялаштиришнинг «Муробаҳа» стандарти тасдиқланиши кутиляпти
Марказий банк исломий банклар томонидан товарларни устама қўшиб, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш тартибини белгиламоқчи

Ўзбекистонда исломий молиялаштириш бўйича «Муробаҳа» стандарти тасдиқланиши кутилмоқда
Марказий банк исломий банклар томонидан товарларни устама қўшиб, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш тартибини белгилашни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки «Муробаҳа» номли илк исломий молия стандартини тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳасини тайёрлади.
Ҳужжатга мувофиқ, муробаҳа — банкнинг товарни харид қилиб, унинг бошланғич қиймати ва қўшилган устама миқдорини мижозга очиқ билдирган ҳолда сотиши, жумладан, насияга бериш орқали молиялаштириш усулидир.
Бунда банк аввал товарни ўз мулкига олиши, шундан кейингина уни мижозга устама билан сотиши мумкин. Товарнинг дастлабки нархи ҳамда банк устамаси шартномада аниқ кўрсатилиши шарт.
Муҳим жиҳати шундаки, банкларга молиялаштириш учун қўшимча комиссия олиш тақиқланади. Шунингдек, тўлов кечиктирилгани ёки муддат узайтирилгани сабабли товар нархига қўшимча устама қўшишга рухсат берилмайди.
Агар мижоз тўловни кечиктирса, шартномада кўзда тутилган неустойка ундирилиши мумкин. Бироқ бу маблағ банк даромадига эмас, балки тўлиқ хайрия мақсадларига йўналтирилиши керак.
Яна бир муҳим қоида бўйича, банк товарни харид қилишда чегирма олса, ушбу чегирманинг молиявий фойдаси мижозга ҳам берилиши лозим.
Шунингдек, олтин, кумуш ва валюталарни насияга муробаҳа асосида сотиш тақиқланади.
Янги стандарт исломий банк фаолиятини амалга оширувчи молия муассасалари учун муробаҳа операцияларини ўтказишнинг ҳуқуқий тартибини белгилайди.
Ҳужжат ҳозирча Регуляторнинг идоравий буйруқ лойиҳаси бўлиб турибди, расмий эълон қилингач кучга киради.

