Ўзбекистонда доллар курси 2023-йил августидан буён энг паст даражага тушди
Ўзбекистонда долларнинг расмий курси 11 778,52 сўмгача пасайди. Бу 2023-йил август ойидаги девалвациядан буён энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Август ойида сўм долларга нисбатан қарийб 1,9 фоизга мустаҳкамланди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев буни долларнинг жаҳон миқёсида заифлашаётгани билан изоҳлади.

Ўзбекистонда доллар курси 2023-йил августидан бери энг паст даражага тушди. 26-август ҳолатига кўра, АҚШ валютасининг расмий курси 11 778,52 сўм этиб белгиланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг август ойида сўмнинг кескин қадрсизланишидан кейинги энг паст қиймат ҳисобланади.
Марказий банк маълумотларига кўра, сешанба кунги савдолар якунида доллар 39,55 сўмга арзонлаган. Янги курс сўнгги бир ой ичида доллар учун қайд этилган тўртинчи энг паст кўрсаткичдир.
Тижорат банкларида доллар асосан 11 840−11 875 сўмдан сотилмоқда. Энг арзон сотув курси 11 820 сўм бўлиб, уни Асиа Аллиансе Банк, Апех Банк ва Халқ банки таклиф қилмоқда. АҚШ валютасини харид қилиш курси тахминан 11 725 сўмдан бошланади. Зираат Банк эса долларни энг юқори курсда – 11 810 сўмдан сотиб олмоқда.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, август ойида сўмнинг мустаҳкамланиши сезиларли даражада тезлашган. Йил бошидан июл охирига қадар миллий валютанинг долларга нисбатан курси деярли ўзгармаган, яъни сўм атиги 0,01 фоизга қадрсизланган эди. Бироқ, август ойининг ўзида сўм қарийб 1,9 фоизга мустаҳкамланган.
Унинг сўзларига кўра, сўмнинг мустаҳкамланиши доллар қатор жаҳон валюталарига нисбатан заифлашаётгани умумий тенденсияси фонида юз бермоқда. Иқтисодчи шундай деди: “Ой бошидан буён танлаб олинган 39 та валютанинг 28 таси долларга нисбатан мустаҳкамланди, фақат 5 таси заифлашди”.
Холбоев келтирган маълумотларга кўра, ушбу даврда энг сезиларли даражада Жанубий Корея вони мустаҳкамланган – қарийб 4 фоизга. Қозоғистон тенгеси эса тахминан 3,5 фоизга қимматлашган. “Умуман олганда, август ойида сўмнинг мустаҳкамланиши глобал тенденсияларга мос келмоқда”, – деб ёзди Миркомил Холбоев.
Шу билан бирга, у миллий валюта курсига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган айрим ички омиллар бўйича ҳозирча тўлиқ маълумотлар мавжуд эмаслигини таъкидлади. Жумладан, гап август ойидаги экспорт, жаҳон бозорида олтин нархи ошиши фонида олтин экспорти, инвестициялар оқими, пул ўтказмалари ва ташқи қарз олиш ҳақида бормоқда. “Бу омиллар, табиийки, катта рол ўйнаши ҳам мумкин. Бу ҳақда кейинроқ билиб оламиз”, – дейди иқтисодчи.
Олти ой давомида жисмоний шахслар банкларга 12,3 млрд долларлик валюта сотган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кўпдир. Аҳолининг валюта хариди ҳажми эса 26 фоизга ошиб, 6,8 млрд долларга етган. Шу тариқа, аҳоли ярим йилда банкларга сотган хорижий валютаси харид қилганидан қарийб 5,5 млрд долларга кўп бўлган. Ўтган йилда бу фарқ 3,7 млрд долларни ташкил этган.
Аҳоли хорижий валютанинг йирик соф сотувчиси бўлиб қолмоқда. Аҳолининг валюта соф таклифининг валюта айирбошлаш операциялари умумий айланмасидаги улуши 2025-йилнинг биринчи ярмидаги 26 фоиздан 2026-йил январ-июн ойларида 29 фоизга ошган.
Аввалроқ ХВЖ Ўзбекистондаги валюта курси режимининг амалдаги таснифини “судралувчи” режимдан “сузувчи” режимга ўзгартирган эди.

