Сиёсат

Ўзбекистонда болага отасининг исмини фамилия сифатида қўйишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда болага фамилия бериш тартибини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Бунда ота ёки онанинг фамилияси билан бир қаторда, отанинг исмини ҳам боланинг фамилияси сифатида белгилаш имконияти яратилади. Тегишли қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Ўзбекистонда болаларга отасининг исмини фамилия сифатида бериш таклифи илгари сурилмоқда. Бу масала Сенатнинг 7-августдаги ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Сенатор Одилжон Маматкаримовнинг маърузасида таъкидланишича, отасининг исмини болага фамилия сифатида бериш имкониятининг йўқлиги айрим фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. У бунга мисол қилиб, болалар уйида вояга етган оталар ёки оталик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг фарзандларини келтирди. Уларнинг баъзилари ўз фарзандларига оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган отасининг исмини фамилия сифатида беришни истамаслиги мумкин.

Маърузада қайд этилишича, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда болага фамилия ота ёки бобонинг исми асосида берилиши мумкин. Шу сабабли, Оила кодексининг 69-моддасига отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш имкониятини назарда тутувчи қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, “Архив иши тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгаришлар киритилмоқда. Маматкаримовнинг сўзларига кўра, “электрон архив”, “архив ҳужжатларининг электрон нусхаси” каби тушунчалар киритилиб, уларга таъриф берилмоқда. Шунингдек, электрон архивни ташкил этиш тартиби, электрон нусхани асл нусха ўрнида тан олиш, архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш, идоравий ҳамда нодавлат архивларни ташкил этиш тартиби ва шартлари белгиланмоқда.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг архив иши соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда ҳамда Вазирлар Маҳкамаси, “Ўзархив” агентлиги, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатларини аниқлаштирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу билан бирга, Ягона миллий архив ахборот тизими ва унга маълумотларни киритиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар ўзининг электрон архив ахборот тизимларини ушбу ахборот тизимига ўзаро интеграция қилиши билан боғлиқ нормалар киритилмоқда.

Сенаторлар қонунни маъқуллаб, имзолаш учун президентга юборди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.