Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш 15-октябрдан 30-ноябргача ўтказилади

Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш 15-октябрдан 30-ноябргача ўтказилади
Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш 2026-йил 15-октябрдан 30-ноябргача амалга оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Президентнинг 10-сентябрдаги фармони билан “Статистикани ривожлантириш — 2030” миллий стратегияси тасдиқланди ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Фармонга мувофиқ, бизнесни рўйхатга олиш Ўзбекистон ҳудудида 2026-йил 1-октябр ҳолатига ўтказилади.
Шунингдек, 2027-йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланган ҳолда Миллий статистика қўмитасида аҳолининг статистик регистри шакллантирилади. Унинг асосида аҳоли сонини ҳисоблаш ва эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.
Давлат органларининг аҳолига оид маълумотлар базалари ўзаро мувофиқлаштирилиб, маълумотларни доимий янгилаб бориш учун аҳолининг статистик регистрига интеграция қилинади.
Регистр “Киберхавфсизлик маркази” томонидан киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулоса олинганидан кейин амалиётга жорий этилади. Ахборот тизими хавфсизлиги доимий равишда мониторинг қилиб борилади.
Аҳолининг статистик регистридан алоҳида рухсат берилган ходимлар фақат статистик мақсадларда жамланма статистик маълумотларни шакллантириш учун фойдаланиши мумкин.
Регистрдаги индивидуал маълумотлардан давлат органлари, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши тақиқланади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигининг статистик регистри шакллантирилиб, ундаги маълумотлар доимий янгилаб борилади.
Фармон билан 2026–2030-йилларга мўлжалланган “Статистикани ривожлантириш — 2030” миллий стратегиясининг устувор йўналишлари ҳам белгиланди.
Улар орасида расмий статистика тайёрловчилари фаолиятини ягона ёндашув асосида мувофиқлаштириш, статистика услубиятларини халқаро стандартларга мослаштириш, рақамли трансформация, ҳисобот юкини камайтириш ва маълумотлар инфратузилмасини модернизация қилиш бор.
2027-йил 1-январдан статистика органлари томонидан ҳар чоракда ўтказиладиган танланма кузатувлар учун микрофирма ва кичик корхоналар йилига фақат бир марта танлаб олиниши мумкин.

