Ўзбекистонда бепул Музейлар ҳафталиги ўтказилмоқда
2–8 сентябр кунлари Ўзбекистонда Музейлар ҳафталиги ўтказилмоқда. Шу даврда 114 та давлат музейига бепул кириш мумкин.

Ўзбекистонда 2–8 сентябр кунлари анъанавий Музейлар ҳафталиги ўтказилмоқда. Ушбу тадбир доирасида мамлакат аҳолиси 114 та давлат музейига бепул кириши мумкин. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги маълум қилди.
Бепул кириш агентлик тизимидаги барча давлат музейларида, жумладан музей-қўриқхоналар ва уй-музейларда ҳам амал қилади.
Мазкур аксия Ўзбекистон фуқаролари учун мўлжалланган бўлиб, хорижий сайёҳларга татбиқ этилмайди.
Маданий мерос агентлигининг таъкидлашича, Музейлар ҳафталиги мамлакат тарихи, санъати ва миллий мероси билан танишиш, шунингдек, ноёб экспонатлар ва қадимий ёдгорликлар ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш имконини беради.
«Музейлар ҳафталиги — мамлакатимиз тарихи, санъати ва миллий мероси билан танишиш, шунингдек, ноёб экспонатлар ва қадимий ёдгорликлар ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлиш учун ажойиб имконият», — дея маълум қилди агентлик.
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги давлат музейларига ҳар ойнинг биринчи якшанбасида ҳам бепул ташриф буюриш мумкин.

