Ўзбекистонда бепул дорилар ва текширувлар рўйхати кенгайтирилади
Ўзбекистонда 2027-йилдан кафолатланган пакетдаги бепул дорилар сони 69 тадан 73 тага, текширув турлари эса 36 тагача ошади. Қолаверса, саратоннинг тўрт турини эрта ташхислаш учун ҳар йили 700 млрд сўм ажратилади, деди президент. Бирламчи тиббий ёрдамнинг янги модели яна 100 та туманда жорий этилади.

Ўзбекистонда бепул дорилар ва текширувлар рўйхати кенгайтирилади
Ўзбекистонда кафолатланган тиббий ёрдам пакети кенгайтирилади: 2027-йилдан бошлаб бепул дори воситалари сони 73 тага, текширув турлари эса 36 тагача оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27-октабр куни “Кўксарой” қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан ўтказилган учрашувда маълум қилди.
Ҳозирда поликлиникалар 69 номдаги дори воситаларини бепул етказиб бермоқда. Шулардан 28 та позиция реимбурсация дастури доирасида берилади, 2027-йилдан эса уларнинг сони 69 тагача етиши керак. 2025-йил февралида Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили яшаш жойидаги поликлиникалар учун кафолатланган ҳажмга 28 та диагностик текширув ва 22 та лаборатория таҳлили киришини билдирган эди.
Давлат раҳбарининг айтишича, ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш ишлари Самарқанддан бошланиб, 2028-йилдан барча ҳудудларда йўлга қўйилади. Бунинг учун йилига 700 млрд сўм ажратилади.
Қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ҳамда болалардаги онкогематологик хасталикларни эрта аниқлаш дастурлари ҳам давом эттирилади.
Президент, шунингдек, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкентда амалга оширилаётган инфаркт ва инсултларни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастури натижалари ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг келтирган рақамларига кўра, беш ой ичида ушбу касалликларнинг эрта босқичларида ўлим кўрсаткичи 15 фоизга камайган.
Касаллик бошланишидаги “олтин соат”да 855 нафар инсон эрта ўлим ва ногиронлик асоратларидан сақлаб қолинди. Келаси йил дастурга 280 млрд сўм ажратилиб, барча туман ва шаҳарлар қамраб олинади.
У мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олиши керак. Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам пакети ҳам кенгайтирилади.
Агар ҳозир ушбу пакет доирасида амбулатор пациентларга 69 турдаги бепул дори воситалари берилаётган бўлса, кейинги йилда уларнинг сони 73 тага етказилади. Пакетдаги тиббий текширувлар сони эса 36 тага чиқади.
Учрашувда президент соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинини ислоҳ қилишга алоҳида тўхталди.
“Доим айтаман, бирламчи бўғин қанча яхши ишласа, халқимиз шунча соғлом бўлади”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг 28 та туманида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этишнинг янги модели синовдан ўтказилди. Ушбу туманларда 7 млн аҳоли оилавий шифокорларга шахсан бириктирилди. Беморлар ва тиббиёт ходимларининг мажбуриятлари ўзаро келишувларда мустаҳкамлаб қўйилди.
Шунингдек, янги лабораториялар очилди, шифокор ва ҳамшираларни ўқитиш йўлга қўйилди, бемор маршрути — текширувлардан ўтиш ва тиббий ёрдам олиш тартиби ишлаб чиқилди.
Президентнинг баҳолашича, бу ўзгаришлар аҳолининг поликлиникаларга бўлган ишончини оширишга имкон берди.
2027-йилдан бошлаб янги моделни яна 100 та туманда жорий этиш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда 10 млн кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган янги поликлиника ва шифохоналар фойдаланишга топширилганини маълум қилди. 58 мингта янги шифохона ўрни яратилди.
Келтирилган маълумотларга кўра, замонавий тиббиёт муассасалари тармоғининг кенгайиши ва хусусий секторнинг ривожланиши туфайли кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳажми уч бараварга ошди.
Бугунги кунда мамлакатда илгари хорижда ўтказилган 100 дан ортиқ мураккаб тиббий амалиётлар бажарилмоқда. Улар орасида туғма юрак нуқсонларидаги операциялар, аъзоларни трансплантация қилиш, роботлаштирилган операциялар ва мураккаб нейрохирургик амалиётлар бор.
“Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз”, — деб таъкидлади президент.

