Ўзбекистонда айрим талабаларнинг 1 йил ижарада яшаш харажатлари ваучер орқали қопланади

Ўзбекистонда айрим талабаларнинг 1 йил ижарада яшаш харажатлари ваучер орқали қопланади
Ўзбекистонда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг боғча пули, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳда ўқиётган фарзандларининг ётоқхона ва ижара уй харажатлари 2027-йил 1-январдан бошлаб ваучер орқали қоплаб берилади.
Президентнинг 11-сентябрда имзоланган ПФ-193 сонли фармонида белгиланишича, ваучерлар маҳалла еттилиги томонидан тасдиқланадиган индивидуал режа ёки боланинг қонуний вакили томонидан мурожаат асосида шакллантирилади.
Ваучер асосида давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидаги бола таъминоти учун белгиланган тўловларни қоплаш имкони яратилади. Ваучернинг амал қилиш муддати 12 ой этиб белгиланади ва оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганда ҳам оилага ваучер амал қиладиган муддат давомида ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Ваучер орқали мактабгача таълим ташкилотига у жойлашган ҳудудда бола таъминоти учун белгиланган тўловга тенг миқдорда маблағ ажратилади. Бола таъминоти учун белгиланган тўловлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабгача таълим хизматини кўрсатган ташкилотга қоплаб берилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг умумий ўрта таълим ташкилотларидаги фарзандларининг қўшимча таълимга жалб қилиниши ҳамда уларнинг йўлкира (бориш-келиш) харажатлари қопланади. Бунга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул этиб белгиланди.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба фарзандларининг давлат ОТМларидаги талабалар турар жойларидан фойдаланиш, давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган талабалар турар жойларидаги яшаш ва ижара асосида хусусий уй-жойларда яшовчи талабаларнинг ижара харажатлари қопланади.
Бунда ҳам ваучернинг амал қилиш муддати 12 ой этиб белгиланади. Оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганда ҳам оилага ваучер амал қиладиган муддат давомида ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари талаба номига очилган ижтимоий картага давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунинг учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъул этиб белгиланди.
Келаси йилдан Ижтимоий реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилиши ҳақида 3-сентябр куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинганди. Давлат раҳбари йиғилишда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган янги ёндашувларни белгилаб берганди.
Фармон билан “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари сақлаб қолинадиган бўлди. Уларнинг маблағни тасарруф этиш ҳамда улар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари штабларга ўтказилади.
2027-йил 1-январдан аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини аниқлаш ҳамда Ижтимоий реестрга киритиш кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали амалга оширилади. Бунда оиланинг молиявий ҳолати билан бирга, оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси ва оиланинг кўп болали эканлиги каби мезонлар ҳам ҳисобга олинади.
Шу санадан бошлаб меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар нафақа тўлаш тартиби жорий этилади.

