Ўзбекистонда АЕСда радиациявий авария юз берганда ҳаракат қилиш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда атом электр стансиясида (АЕС) радиациявий авария юзага келганда ёки унинг хавфи пайдо бўлганда амалга ошириладиган ҳаракатлар тартиби белгиланди. Бу тартиб авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот алмашиш ва шошилинч ёрдам кўрсатишни ўз ичига олади.
Ҳужжатга кўра, АЕСда икки турдаги режим жорий этилиши мумкин: "Авариявий тайёргарлик" ва "Авариявий ҳолат". "Авариявий тайёргарлик" режими радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда эълон қилинади. "Авариявий ҳолат" режими эса авария содир бўлганда унинг тарқалишини олдини олиш, оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш мақсадида жорий этилади.
"Авариявий тайёргарлик" режими, жумладан, АЕСнинг хавфсиз ишлаш шартлари бузилганда, радиация даражаси белгиланган мезонларга етганда ёки ошганда, шунингдек, зилзила, портлаш, ёнғин ва сув босиши каби ҳодисалар стансиянинг хавфсизлик тизимларига таъсир қилганда эълон қилинади. "Авариявий ҳолат" режими эса радиация даражаси авария учун белгиланган чегарага етганда ёки ундан ошганда, шунингдек, оғир аварияни бошқариш бўйича қарор қабул қилинганда жорий этилади.
Ушбу режимларни эълон қилиш тўғрисидаги қарорни АЕСни эксплуатация қилувчи ташкилот раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс қабул қилади. Агар улар билан алоқа ўрнатиш имкони бўлмаса, бу ваколат стансия сменаси бошлиғига берилади. Режим эълон қилиниши билан бир вақтда ходимларни ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар режаси ҳам ишга туширилади.
Авария ёки унинг хавфи ҳақида тегишли давлат органларига зудлик билан ёзма ёки электрон шаклда маълумот берилиши шарт. Режим амал қилаётган даврда эксплуатация қилувчи ташкилот ҳар 12 соатда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Атом энергияси агентлигига радиациявий вазият, АЕС хавфсизлиги ва кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот тақдим этиб боради.
Шунингдек, АЕСда ички ва ташқи авариявий бошқарув штаблари ташкил этилади. Ички штаб стансия ҳудудидаги ҳимояланган бошқарув пунктида, ташқи штаб эса АЕС ҳудудидан ташқаридаги хавфсиз жойда фаолият юритади.
АЕСда аварияга қарши обьект миқёсидаги ўқув машқлари йилига камида бир марта ўтказилиши шарт. Машқлар якунида аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари, муддатлари ва масъул ижрочилар кўрсатилган далолатнома тузилади. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Аввалроқ Ўзбекистонда иккинчи атом электр стансияси лойиҳаси бўйича катта тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17-август куни Хоразм вилоятида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросимида маълум қилган.
Ҳозирча иккинчи АЕС қурилиши режалаштирилган жой, унинг қуввати ва лойиҳани амалга ошириш муддатлари очиқлангани йўқ. 2025-йил декабрида "Ўзатом" раҳбари Азим Аҳмедхўжаев иккинчи йирик қувватли АЕС қурилиши эҳтимолини билдирган, бироқ ўша пайтда уни амалга ошириш бўйича аниқ режалар мавжуд эмаслигини таъкидлаганди.

