Иқтисодиёт

Ўзбекистон $60 млнлик майиз экспорт қилди

Ўзбекистон 2026 йилнинг биринчи ярмида 57 та давлатга 47,7 минг тонна майиз экспорт қилди. Экспорт қиймати $60 млнни ташкил этди.

Ўзбекистон 60 миллион долларлик майиз экспорт қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2026-йилнинг январ-июн ойларида 57 та хорижий давлатга жами 47,7 минг тонна майиз етказиб берди. Ушбу экспортнинг умумий қиймати 60 миллион долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан экспорт ҳажми 704,5 тоннага ошган.

Ўзбек майизининг асосий харидори Қозоғистон бўлиб, бу давлатга 15,2 минг тонна маҳсулот етказиб берилди. Иккинчи ўринда Хитой (6 минг тонна), учинчи ўринда эса Россия (5,6 минг тонна) жойлашди.

Ҳисобот даврида Туркияга 3,9 минг тонна, Эронга 1,7 минг тонна ва Украинага 1,6 минг тонна майиз экспорт қилинди. Шунингдек, Озарбайжон 1,4 минг тонна, Грузия 1,2 минг тонна, Бирлашган Араб Амирликлари 1,1 минг тонна ва Германия 1 минг тонна ўзбек майизини импорт қилди. Бразилияга эса 994,2 тонна майиз экспорт қилинган бўлса, қолган давлатларга қарийб 8 минг тонна маҳсулот етказиб берилди.

УН Сомтраде маълумотлар базасига кўра, 2024-йилда Ўзбекистон 53 минг тонна майиз экспорт қилиб, бу маҳсулот экспорти бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллаган.

2024-йилда майизнинг дунёдаги энг йирик экспортчиси Туркия бўлиб, мамлакат 205,9 минг тонна маҳсулотни хорижга сотган. Жанубий Африка Республикаси 81,7 минг тонна, Хитой 76,4 минг тонна ва Чили 59,1 минг тонна майиз экспорт қилган. Энг йирик бешта экспортчи давлат қаторига Ҳиндистон (55,6 минг тонна) ҳам кирган. АҚШ 53,7 минг тонна, Ўзбекистон эса 53 минг тонна майиз экспорт қилган. Рейтингда кейинги ўринларни Аргентина (38,5 минг тонна), Греция (15,6 минг тонна) ва Нидерландия (12,7 минг тонна) эгаллаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.