Ўзбекистон гилос экспортида дунёда олтинчи ўринга чиқди
Ўзбекистон гилос экспорти ҳажми бўйича жаҳоннинг етакчи давлатлари қаторига кирди. БМТнинг Сомтраде халқаро савдо маълумотлар базасига кўра, 2024-йилда мамлакат 32,2 минг тонна гилос экспорт қилиб, дунё рейтингида 6-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон гилос экспорти бўйича жаҳонда олтинчи поғонага кўтарилди.
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январидан июнигача бўлган даврда Ўзбекистон 11 та хорижий давлатга жами 23,3 минг тонна гилос экспорт қилди. Ушбу ярим йилликда экспорт қилинган гилоснинг умумий қиймати 57,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
БМТнинг Сомтраде халқаро савдо маълумотлар базасига кўра, 2024-йилда Ўзбекистон ташқи бозорларга 32,2 минг тонна янги узилган гилос етказиб берган. Бу маҳсулотнинг умумий қиймати 70,4 миллион долларга тенг бўлган.
Ушбу кўрсаткич билан Ўзбекистон гилос экспорти ҳажми бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллади.
2024-йил якунларига кўра, Чили 529,5 минг тонна гилос экспорти билан етакчилик қилган. Ундан кейинги ўринларни Гонконг (168,4 минг тонна), АҚШ (84,2 минг тонна), Туркия (66,5 минг тонна) ва Испания (34,1 минг тонна) банд этган. Ўзбекистондан кейин Греция (28 минг тонна), Озарбайжон (25,8 минг тонна), Австрия (18,1 минг тонна) ва Молдова (10,1 минг тонна) гилос экспорт қилган.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилликда Ўзбекистоннинг гилос экспорти динамикаси турлича бўлган. Энг юқори натижа 2021-йилда қайд этилиб, ўша йили хорижга 60,8 минг тонна гилос етказиб берилган.
2023-йилда экспорт ҳажми 45 минг тоннани, 2024-йилда 32,2 минг тоннани, 2025-йилда эса 31,7 минг тоннани ташкил этган. 2026-йилнинг дастлабки олти ойида эса 23,3 минг тонна гилос ташқи бозорларга сотилган.

