Маҳаллий

Ўзбек тилининг келажаги болага аталган китобдан бошланади — Саида Рашидова

Тилни асраш уни минбарларда улуғлаш билангина чекланмайди. Тил болага қувонч, ўйин, китоб, суҳбат ва кашфиёт шаклида етиб борганидагина яшайди, бойийди ва янги авлоднинг табиий эҳтиёжига айланади. ъБолага тил эмас, ҳаёт таклиф этилиши керакъ, — дейди ўзбек тили тарғиботчиси Саида Рашидова. Колонка.

**Ўзбек тилининг келажаги болага аталган китобдан бошланади — Саида Рашидова**

21-октабр — Ўзбек тили байрами куни биз учун шунчаки тарихий санани эслаш эмас. Бу кун она тилимизнинг бугунги нафаси, эртанги авлод ҳаётидаги ўрни ва дунё миқёсидаги келажаги ҳақида масъулият билан мулоҳаза юритишга чорлайди. Тилни асраш уни фақат минбарларда улуғлаш билан чекланмайди.

Тил болага қувонч, ўйин, китоб, суҳбат ва кашфиёт кўринишида етиб боргандагина яшайди, бойийди ва янги авлоднинг табиий эҳтиёжига айланади, дейди ўзбек тили тарғиботчиси, болалар китоблари ёзувчиси Саида Рашидова Газета учун ёзган колонкасида.

Ўзбекистон тараққиётида ўзбек тилининг мавқейини мустаҳкамлаш, аввало, унинг таълим, илм-фан, замонавий технология ва халқаро мулоқот тили сифатидаги имкониятларини кенгайтиришни англатади. Айниқса, ўзбек тилини она тили сифатида эмас, иккинчи ёки хорижий тил сифатида ўрганаётган болалар учун илмий асосланган, жозибадор ва ёшга мос материаллар яратиш бугуннинг долзарб вазифасидир. Чунки болаликда тил билан боғланган илк таассурот кейинги муносабатни белгилайди: бола тилдан чўчиши ҳам, уни севиб қолиши ҳам мумкин.

Уч ёшдан ўн ёшгача бўлган бола учун тил қоидалар мажмуи эмас. Тил — суратдаги қаҳрамон, такрорланадиган қувноқ ибора, қўшиқ, ҳаракат, савол-жавоб, оила билан бажариладиган кичик вазифа ва ўйиндаги мулоқотдир.

Шу сабабли ўзбек тилини болаларга ўргатишга мўлжалланган замонавий маҳсулот қисқа сюжет, кўргазмали таянч, такрорланувчи тил бирликлари, ўйин ва ҳаракат, миллий образ, оилавий иштирок ҳамда кузатиш мумкин бўлган натижани бирлаштириши керак.

Масалан, бола китобни ўқиб бўлгач бир неча сўзни шунчаки ёддан айтиши эмас, балки саломлашиши, ўзини таништириши, ранг ёки буюмни сўраши, оддий саволга жавоб бериши, тенгдоши билан ўйинда ўзбекча иштирок этиши муҳим. Шунда тил дарслик саҳифасида қолиб кетмайди, кундалик ҳаракатга айланади. Таълим натижаси ҳам “мавзуни ўтди” деган қайддан эмас, “бола нимани тушунди ва мустақил бажара олди” деган аниқ мезондан келиб чиқади.

Бу ёндашув халқаро таълим таснифидаги ИССЕД 0 ва ИССЕД 1 босқичлари — мактабгача ҳамда бошланғич таълимнинг ўзига хослигини ҳисобга олади. Шу билан бирга, тил даражаларини белгиловчи СЕФР мезонларидаги Пре-А1 ва А1 босқичларини болаларнинг ёши, ўзбек тилининг хусусиятлари ва маҳаллий маданий муҳитга мослаштиришни талаб қилади. Халқаро мезонни тайёр қолип сифатида кўчириш эмас, унинг мазмунини миллий таълим эҳтиёжига илмий мослаштириш зарур.

Кўп тилли муҳитдаги бола ўзбек тилини ўрганар экан, унинг уйда гаплашадиган тили ва маданий тажрибаси инкор этилмаслиги керак. Аксинча, боланинг она тилига ҳурмат — ўзбек тилини ўрганишга тўсиқ эмас, балки хавфсиз кўприкдир. Ўзини қадрланган деб ҳис қилган бола янги тилда хато қилишдан қўрқмайди, суҳбатга фаолроқ киришади ва бошқа маданиятга қизиқиш билан қарайди.

Демак, болалар китобидаги миллий образлар ҳам безак вазифасини эмас, мулоқот вазифасини бажариши лозим. Маҳалла, оила, меҳмондўстлик, табиат, миллий таомлар, ҳунармандчилик, байрамлар ва кундалик одоб билан боғлиқ сюжетлар хорижлик болага Ўзбекистонни тушунишга ёрдам беради. Аммо бундай образлар сунъий ва насиҳатгўй эмас, боланинг ёшига мос, табиий воқеа ҳамда қизиқарли қаҳрамонлар орқали берилиши керак.

Тилга меҳр кўпинча айнан қаҳрамонга меҳрдан бошланади.

Бугун болалар учун чиройли китоб яратишнинг ўзи етарли эмас. Унинг матни ёшга мосми, расм мазмунни тушунишга ёрдам берадими, такрорлар боланинг эслаб қолишини кучайтирадими, ўйин уни мустақил гапиришга ундайдими — буларнинг барчаси тажриба-синов орқали текширилиши зарур. Шундагина ижодкор муаллиф-тадқиқотчига, кейинчалик эса миллий ва халқаро миқёсда фикри тан олинадиган экспертга айланиши мумкин.

Бунинг учун аввал мавжуд китобларни илмий-методик аудитдан ўтказиш, кейин болалар учун содда “бажара олади” микромезонларини ишлаб чиқиш, кичик гуруҳларда синов ташкил этиш ва натижага қараб материални қайта ишлаш керак. Кузатув, болалар нутқининг аудио ёки видео намуналари, педагог кундалиги, ота-оналар фикри, тажрибадан олдинги ва кейинги топшириқлар биргаликда таҳлил қилинса, китобнинг ҳақиқий таъсири кўринади.

Бу жараёнда академик ҳалоллик ҳам муҳим. Ҳар қандай ижобий натижани бўрттирмаслик, муваффақияциз уринишлардан ҳам хулоса чиқариш, бола ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини сақлаш, тасвир ва овоз ёзувлари учун ота-она розилигини олиш шарт. Бола манфаатини биринчи ўринга қўйган илмий ёндашувгина жамият ишончини қозонади.

Бугунги бола фақат босма саҳифа билан чекланмайди. Китобга бириктирилган аудио, ҚР ресурс, содда анимация ва интерактив ўйин талаффузни эшитиш, ҳикояни такрор кўриш ва оила билан бирга машқ қилиш имконини беради. Бироқ технология китобнинг мазмунини сиқиб чиқармаслиги керак.

Унинг вазифаси болани экранга боғлаш эмас, ўзбекча тинглаш, гапириш ва реал мулоқотга олиб чиқишдир.

Инклюзивлик ҳам шундай тизимнинг ажралмас мезони бўлиши лозим. Турли таълим эҳтиёжига эга болалар учун шрифт, ранг, тасвир, топшириқ ҳажми, аудио тезлиги ва ҳаракат тури мослаштирилса, тил ўрганиш имконияти кенгаяди.

Ўзбекистоннинг таълим сиёсати ҳар бир болани кўриши ва эшитиши керак; болалар адабиёти эса бу тамойилни кундалик амалиётга олиб кирадиган энг самимий воситалардан биридир.

Боланинг тилга қизиқиши фақат муаллиф ёки ўқитувчига боғлиқ эмас. Кунига ўн дақиқалик оилавий машғулот — биргаликда расм кўриш, қаҳрамонлар ролини ижро этиш, янги иборани кундалик вазиятда қўллаш — ўрганилган билимнинг барқарорлигини оширади. Шу сабабли ҳар бир болалар китоби билан бирга ота-она ва педагог учун қисқа, равшан кўрсатма ҳам берилиши мақсадга мувофиқ.

Сифатли маҳсулот яратиш учун эса муаллиф ёлғиз қолмаслиги керак. Илмий раҳбар, мактабгача ва бошланғич таълим мутахассиси, СЕФР бўйича эксперт, психолог, рассом, муҳаррир, рақамли дизайнер, таълим ташкилоти, нашриёт ва ҳомий бир мақсад атрофида ҳамкорлик қилиши зарур. Ана шунда алоҳида китоблар тизимли серияга, серия эса ўзбек тилини ўргатишнинг далилларга асосланган миллий моделига айланиши мумкин.

Олдимизда аниқ истиқбол бор:

Узоқ муддатда эса ўнлаб китоб, олтмишдан зиёд синовдан ўтган ўйин, методик қўлланма ва очиқ илмий портфелни бирлаштирган яхлит тизим вужудга келиши мумкин.

Бу иш фақат тилшунослик ёки нашриёт ташаббуси эмас. У мактабгача таълим, бошланғич таълим, маданият, илм-фан, рақамли технология ва халқ дипломатиясини боғлайди.

Ўзбек тилини ўрганаётган хорижлик бола китоб орқали нафақат сўзларни, балки халқимизнинг муомала маданияти ва дунёқарашини ҳам кашф этади. Ҳар бир сифатли болалар китоби шу маънода мамлакатимизнинг кичик, аммо таъсирчан маданий элчисидир.

Ўзбек тили куни арафасида ўзимизга битта муҳим савол беришимиз керак: биз тилимизни болаларга қандай ҳолатда топширяпмиз?

Фақат қоидалар ва талаблар кўринишидами ёки меҳр, ижод, ўйин ва замонавий имкониятлар билан бойитилган тирик мулоқот сифатидами? Тилнинг эртанги мавқейи бугун бола қўлига тутқазилган китобнинг сифати билан ҳам белгиланади.

Болалар учун яратилган ҳар бир илмий асосланган китоб — Ватан тилининг келажак авлодга етган тирик кўпригидир. Бу кўприк қанчалик мустаҳкам, гўзал ва очиқ бўлса, ўзбек тилининг Ўзбекистон ҳамда жаҳон майдонидаги қадами ҳам шунчалик дадил бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.