Ота ўғлининг Кипрдаги меҳмонхона деразасидан йиқилиб, ҳалок бўлганини кўрди
Жошуа Фостер дераза ёпиқ деб ўйлаб, манзарани томоша қилиши учун ўғлини токчага қўйган, деб хабар беради суд.

Ота ўғлининг Кипрдаги меҳмонхона деразасидан йиқилиб ҳалок бўлганини кўрди
Воқеа Эссексдан келган оиланинг Кипрдаги Пафос яқинидаги таътилининг биринчи кунида содир бўлди
Икки ёшли болакай Кипрдаги беш юлдузли меҳмонхонадан йиқилиб вафот этди, бунга отаси дераза очиқлигини сезмай уни дераза токчасига қўйгани сабаб бўлди, деб эшитди суд.
Эссексдан бўлган аудитор, 37 ёшли Жошуа Фостер сув парки манзарасини кўрсатаётганда гўдак устидан «назоратни йўқотган», деб хабар берилди Пафос туман судида.
Бола 12 июль куни, оила таътилининг биринчи кунида, Хлоракасдаги King Evelthon Beach Hotel and Resort меҳмонхонасининг тўртинчи қаватидан деярли 40 фут (12,1 м) баландликдан йиқилиб тушган.
Фостер эҳтиётсизлик, шошқалоқлик ёки хавфли ҳаракат туфайли ўлимга сабаб бўлиш айбини тан олган ва унга нисбатан ҳукм 16 октябрь куни чиқарилиши кутилмоқда.
Сешанба куни у худди шу судда ҳозир бўлди ва бир соатлик мажлис давомида иш тафсилотлари баён қилинди.
Суд жараёни таржимасига кўра, Фостер, унинг рафиқаси, икки фарзанди ва қайнота-қайнонаси ўша куни эрта тонгда Кипрга етиб келишган.
Улар кунни турли машғулотлар, жумладан, бассейнга бориш билан ўтказишган ва кечки пайт кечки овқатга тайёргарлик кўришган.
Фостер, унинг қайнотаси ва ўғли лифт томон кетаётганда, бола ташқаридаги сув паркини кўриб қолган.
Унинг адвокати Александрос Александрунинг айтишича, Фостер болани дераза токчасига қўйган пайтда улар «ҳаётларининг ёқимли, қувончли лаҳзасини» баҳам кўришаётган эди.
«Ўша лаҳзадан бошлаб бу инсоннинг ҳаёти бутунлай ўзгарди», деди Александру.
Полиция маҳаллий вақт билан тахминан соат 18:40 да King Evelthon Beach Hotel and Resort меҳмонхонасида боланинг баландликдан йиқилиб тушгани ҳақида хабар олган
Унинг сўзларига кўра, ота деразанинг бир қисми очиқлигини пайқамаган ва қўшимча қилган: «У таътил пайтида фарзандини хурсанд қилишга бор эътиборини қаратган эди».
Прокурор Хрисо Пергандининг маълум қилишича, полицияга маҳаллий вақт билан тахминан 18:40 да (Британия ёзги вақти билан 16:40) боланинг баландликдан йиқилгани ҳақида хабар келиб тушган.
Кейинроқ Пафос умумий шифохонасида боланинг вафот этгани эълон қилинган.
Текширувлар воқеадан кейин саккиз кун давомида ҳибсда ушлаб турилган Фостернинг қонида алкоголь концентрацияси 124 мг ни ташкил этганини кўрсатди, деб эшитди суд.
Александрунинг айтишича, Фостер фарзанди учун мотам тутаётган бир пайтда, нима содир бўлганини тушунтириш учун ҳибсхонадан қизига телефон қилишга мажбур бўлган.
Адвокатнинг таъкидлашича, бу лаҳза уни «унинг бутун умри давомида таъқиб қилади».
«Бу икки ёки уч йиллик қамоқ жазоси билан тугамайди. Бу у ва унинг оиласи бутун умр давомида тортадиган жазодир», дея қўшимча қилди Александру.
Судда деразанинг ўлчами эни 2,85 метр (9,3 фут) ва бўйи 1,2 метр (3.9 фут) экани айтилди.
Суд мажлисида таржимон кўмагидан фойдаланган Фостер ёғоч айбланувчилар курсисида ўтириб, иш тафсилотлари ўқиб эшиттирилаётганда жимгина йиғлади.
Ота меҳмонхонадан йиқилиб тушган ўғлининг ўлимига сабабчи бўлганини тан олди

