Осон бойлик иллюзияси: нега ўзбекистонликлар фирибгарларга яна ва яна алданмоқда?
Kun.uz молиявий пирамидаларнинг ишлаш схемаси, улар қандай қилиб одамларни ўзига жалб қилаётгани ва бу тузоққа тушмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклигини «Севен Жаде» мисолида таҳлил қилди.

Осон бойлик иллюзияси: нега ўзбекистонликлар фирибгарларга яна ва яна алданмоқда?
Ўзбекистон киберфирибгарлар учун «қайноқ бозор»лардан бирига айланиб қолди. Сўнгги вақтларда мўмай даромад ваъда қилиб, ўн минглаб одамларни миллиардлаб пулларга чув туширган молиявий пирамидалар ҳақида тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Шунга қарамай, бундай турдаги фирибгарлик бозори инқирозга юз тутиш ўрнига аксинча «гуллаб-яшнаяпти».
Молиявий пирамида нима?
Молиявий пирамидаларнинг ишлаш тамойили тизимга доимий равишда янги одамларни ва уларнинг сармояларини жалб қилишга таянади. Бу жараёнда тармоққа аввал қўшилганларнинг фойдаси фақат кейинроқ қўшилганларнинг пуллари ҳисобидан қопланади. Кўпинча бундай лойиҳалар аъзоларидан маълум миқдорда бадал тўлашни ҳамда камида икки ёки ундан кўп одамни тармоққа олиб киришни талаб қилади. Ушбу шартлар бажарилганда, киритилган маблағ жуда катта улуш билан қайтариб берилиши кафолатланади.
Кўп ҳолларда пирамидалар қонуний тижорат корхонаси ниқоби остида рўйхатдан ўтади ва гўё қандайдир сохта лойиҳаларни амалга ошириш учун «инвестиция» йиғаётганини даъво қилади. Улар мижозларга узоқ муддатли ва ҳаддан ташқари юқори даромад ваъда қилишади, гарчи бу иқтисодий жиҳатдан мутлақо имконсиз бўлса ҳам. Аслида эса бундай тузилмалар ҳеч қандай реал маҳсулот ёки қиймат яратмайди, уларнинг фаолияти фақат янги аъзоларнинг тўловларига боғлиқ. Айнан шу жиҳати билан пирамидалар ҳақиқий бизнесдан кескин фарқ қилади. Ҳеч қандай ишлаб чиқариш йўқлиги ва бажариб бўлмайдиган ваъдалар сабабли, ҳар қандай молиявий пирамида охир-оқибат қулайди. Пирамида асосчилари аввалига одамларнинг ишончини қозониш учун дастлабки аъзоларга ваъда қилинган фойдани тўлаб беришади. Тўловлар ҳақидаги хабарлар эса қариндош-уруғ ва таниш-билишлар орасида тез тарқалиб, ташкилотчиларнинг «бизнеси» янада ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон тарихида кузатилган энг йирик ва шов-шувли молиявий фирибгарлик тармоғи, шубҳасиз, чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ҳамда унинг шериклари томонидан яратилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида «Аҳмадбой иши» доирасида 11 минг 700 киши жабрлангани ва уларга етказилган умумий моддий зарар 418 миллиард 293 миллион сўмни ташкил этгани маълум бўлади. Бу ўша пайтдаги расмий курс бўйича 142 млн доллардан ортиқни, қора бозордаги курс бўйича эса қарийб 70 млн долларни ташкил этган.

