Ўзбекистонда бир ойлик ҳарбий хизмат нархи ошди

Ўзбекистонда бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов ошди
Ўзбекистонда сафарбарлик чақирув резерви, яъни бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов бадали 7 фоизга кўтарилди. Бунга меҳнатга энг кам ҳақ тўлаш миқдорининг оширилгани сабаб бўлди.
2026-йил 1-сентябрдан республикада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 млн 271 минг сўмдан 1 млн 360 минг сўмга, яъни 7 фоизга оширилди. Бир ойлик ҳарбий хизмат тўлови ушбу қийматнинг 7 баробари этиб белгиланган. Шунга кўра, 2025-йил августдан 2026-йил августгача 8 млн 897 минг сўм бўлган тўлов сентябрдан 9 млн 520 минг сўмга чиқди.
Ўзбекистон президентининг 2018-йил 2-февралдаги фармони билан сафарбарлик чақируви резерви тўлови миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробаридан, яъни 4 млн 736 минг 600 сўмдан 20 баробарига, яъни 3 млн 444 минг 800 сўмга камайтирилган эди. 2019-йил 1-сентябрдан мамлакатда иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳисоблаш механизми жорий этилди. Мазкур қиймат ошиб боргани сари сафарбарлик чақирув резерви бадаллари қуйидагича ўзгарган:
2019-йил — 4 млн 40 минг сўм;
2020-йил — 4 млн 755 минг сўм;
2021-йил — 5 млн 754 минг сўм;
2022-йил — 6 млн 440 минг сўм;
2023-йил — 6 млн 860 минг сўм;
2024-йил — 8 млн 85 минг сўм.
Сафарбарлик чақирув резерви сафига қабул қилинганлардан пул бадаллари бирйўла ёки бир йил давомида бўлиб тўлаш орқали олинади. Ушбу маблағлар Мудофаа вазирлигининг “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисобрақамида жамланади. Пуллар муддатли ҳарбий хизматчиларга нафақа тўлаш, вазирликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари таъминотига йўналтирилади.
Фуқаролар сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига 27 ёшга тўлгунга қадар олинади. Улар хизматни ўташ даврида ойлик ҳарбий йиғинларга, фавқулодда вазиятлар ёки Ўзбекистонга қарши қуролли тажовуз рўй берган тақдирда ҳақиқий ҳарбий хизматга жалб қилиниши мумкин.

