Осиё ўйинларининг расмийлари ташкилий муаммолар учун узр сўради

Осиё ўйинлари ташкилотчилари ташкилий камчиликлар учун узр билдирди
Японияда давом этаётган Осиё ўйинлари ташкилотчилари мусобақа пайтида юзага келган транспорт ва жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар учун узр сўради. Улар иштирокчилар сони кутилганидан анча кўп бўлгани хизмат кўрсатишда қийинчиликлар келтириб чиқарганини билдирганди.
Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларида қатнашаётган спортчи ва расмийлар сони 17 минг нафарга етди. Бу ташкилотчилар дастлаб ҳисоблаганидан қарийб 2 минг нафарга кўп. Иштирокчилар сонининг кескин ошиши спортчиларни жойлаштириш ҳамда транспорт тизимига босимни кучайтирди. Натижада айрим жамоалар тор хоналар, кичик ётоқлар ва транспортдаги кечикишлардан шикоят қилди.
Мусобақа ташкилий қўмитаси бош котиби Сатоши Мурате турли сабабларга кўра спортчиларни жойлаштириш ва ташиш жараёнида хатоларга йўл қўйилганини тан олди.
“Хатоларга нима сабаб бўлганидан қатъи назар, хизматларни тўғри ташкил этиш бизнинг масъулиятимиз. Бунинг учун узр сўрайман”, деди Мурате.
Унинг айтишича, ташкилотчилар муаммоларнинг сабабларини аниқлаб, уларни такрорламаслик устида ишламоқда. Мурате дастлабки кунларга нисбатан транспорт ва жойлаштириш шароитлари анча яхшиланганини ҳам қайд этди.
Ташкилотчилар мусобақанинг иккинчи ярмида хизматлар сифатини янада яхшилашни режалаштирмоқда. Муратенинг сўзларига кўра, асосий мақсад спортчиларга мусобақаларда тўлиқ куч билан қатнашишлари учун зарур шароит яратишдан иборат.
Транспорт билан боғлиқ муаммолардан мўғулистонлик баскетболчилар ҳам азият чекди. Жамоа автобуси машғулотга ўз вақтида келмагани сабабли машғулот бекор қилинган. Мўғулистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Хавьер Гарсия Алварес бу ҳолат жамоа учун катта ноқулайлик туғдирганини айтди.
Филиппинлик сквощи Йвонн Алисса Далида эса круиз кемасидаги хонасига жойлашиш учун узоқ вақт кутишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, у спортчилар учун турар жой сифатида кемадан фойдаланиш тажрибасини ўзига хос деб баҳолаган.

