Оқилона энергетика. Тошкентдаги Замонавий санъат марказида нималарни кўриш мумкин (+фото)
Пойтахтда Замонавий санъат маркази (CCA Tashkent) очилди. У ХХ аср бошларига тегишли, бир пайтлар трамвай депоси, кейинчалик эса дизель электр станцияси бўлган тарихий бинода жойлашди. «Газета» шарҳловчиси Дмитрий Поваров янги маданий маскан ва ундаги илк «Hikmah» («Ҳикмат») кўргазмасини бориб кўрди.

Доно дониш энергетикаси. Тошкентдаги Замонавий санъат марказида нималарни кўриш мумкин (+фото)
Тошкентда замонавий санъат учун бино топиш, айниқса, нолдан бирор нарса қуриш қийин эмас. Ўзи кўп нарсани ҳикоя қилиб бера оладиган бинони топиш эса анча мураккаброқ. Янги Замонавий санъат маркази (CCA Tashkent) қиёфасиз замонавий иншоотда эмас, балки Ўзбекистон пойтахтининг бой таржимаи ҳолига эга бўлган бинода жойлашди.
Туркистон ўлкаси қурилиш бошқармаси бошлиғи, меъмор Вильгельм Гейнцельман томонидан лойиҳалаштирилган ва 1912 йилда барпо этилган ушбу бино дастлаб трамвай депоси сифатида иш бошлаган, кейинчалик дизель электр станциясига айланган, энди эса маданий энергия ишлаб чиқаради.
Янги ҳаётнинг меъморий концепциясини Франциянинг Studio KO бюроси ишлаб чиқди. Унинг жамоаси олдида саноат меросини янгилаш бўйича кўплаб Европа лойиҳаларидан таниш бўлган вазифа турарди: тарихий бинони шунчаки қадимийлик безагига айлантириб қўймаслик, шу билан бирга уни музей объекти сифатида ҳам қолдирмаслик.
Бу ердаги улкан металл эшиклар ва эски меъморчилик деталлари янги интерьер билан зиддиятга киришмайди ва музей экспонати деб эълон қилинмаган. Натижада бинонинг тарихий қиёфаси ва унинг индустриал характери сақлаб қолинган, ички макон эса бутунлай бошқа функцияга мослаштирилган. Марказ атрофида мулоқот, тадқиқот, таълим ва санъат яратиш учун инфратузилма ташкил этилган.
Медиапревьюда CCA Tashkent бадиий раҳбари ва куратори Сара Раза тез орада одатий маънодаги экскурсовод бўлишдан тўхтади. У журналистлар, рассомлар ва Тошкент маданий муҳити вакилларини бино бўйлаб бошлаб юрди, бироқ тез орада экскурсия жонли мулоқотга айланиб кетди.
Йўналиш шундай қурилганки, аввал китоб маҳсулотлари ва марказ логотипи туширилган сувенирлар сотиладиган концепт-сторга кирасиз, сўнгра электрон мусиқачи Сабина Иноятованинг асари янграб турган ўзига хос туннелга тушасиз. Шундан кейингина кўргазма маконига чиқасиз ва нигоҳингиз бу ерда нималар намойиш этилиши ва муҳокама қилинишига созланган бўлади.
«Мамлакат ичида маданий муассасага эга бўлиш ва барча рассомлар, барча ижодкорлар, мамлакат ичидаги барча жамоалар, шунингдек, халқаро аудитория учун учрашув жойини яратиш жуда муҳим, токи санъат мамлакатда ҳақиқатан ҳам кўзга ташланиб турсин», — дея муҳокама оҳангини белгилаб берди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.
Марказ ўз фаолиятини Hikmah («Ҳикмат») кўргазмаси билан очади. Экспозицияда таниқли рассомларнинг 11 та асари намойиш этилган бўлиб, уларнинг бир қисми сайт-специфик, яъни айнан Тошкентдаги лойиҳа учун махсус яратилган, аммо жаҳон миқёсидаги ҳит асарлар ҳам бор.
Нью-Йоркдаги Гуггенхайм музейидан CCA Tashkent’га Берлинда яшовчи тунислик рассом Надия Кааби-Линкенинг энг машҳур инсталляцияси — «Учувчи гиламлар» (2011) кўчиб ўтди. Бу ҳавода муаллақ турган анча қатъий геометрик конструкциядир. Бунда ном метафора бўлишдан тўхтаб, деярли тўғри маъно касб этади — гилам ҳақиқатан ҳам гўё учиб кетган ва ўзидан фақат соя қолдирган.
Нью-Йорк ва Париж ўртасида ижод қилувчи жанубий кореялик рассом Кимсуджининг асари билан эса бутунлай бошқача мулоқот юзага келади. Унинг «Ақл архиви» асари томошабиннинг бевосита иштирокини назарда тутади. Инсталляция ёнида янги лой туради, ундан ҳар бир ташриф буюрувчи кичик бир фигура ясаб, уни асар маконида қолдириши мумкин. Натижада каталог ва инвентарь рақамисиз архив ҳосил бўлади.
Ямайкадан келиб чиққан америкалик рассом Нари Уорд бошқа турдаги хотира билан ишлайди. У Гарлем кўчаларидан материаллар — болалар аравачалари, боғичлар, аравалар, шишалар, турли кундалик буюмларни йиғиб, уларни ҳайкал ва инсталляцияларга айлантиради. Тошкентдаги кўргазма учун у, хусусан, ўзбек нонига нақш солиш учун анъанавий асбоб — чекичдан фойдаланади. Унинг ишида оддий ошхона буюми шунчаки рўзғор ашёси эмас, балки маданият, меҳнат ва билим узатиш белгисига айланади.
Иштирокчилар орасида нафақат халқаро рассомлар бор. Бу ерда маҳаллий замонавий санъатнинг тўрт нафар устаси: Владимир Пан, Шоҳрух Раҳимов, Бахтиёр Саипов ва Дарибай Саипов асарлари ҳам тақдим этилган. Бу ўзбек санъат мактабини кенгроқ халқаро контекстга жалб қилиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Биринчи лойиҳа учун мавзу танлови жуда тушунарли кўринади. Ҳикмат — донолик, билим, англаш анъанаси минтақанинг интеллектуал ва маънавий тарихида чуқур илдизларга эга. Ўзбекистонда у, жумладан, кейинчалик энг нуфузли тасаввуф тариқатларидан бири — Нақшбандия шаклланишига асос бўлган Хўжагон, «Ҳикмат устозлари» анъанаси билан боғлиқ. Шу боис бу ерда қўл ҳаракати катта аҳамият касб этади: лойдан нимадир ясаш, топилган буюмларни йиғиш, нақш солиш, из қолдириш.
Янги марказ ўзи хотира архиви бўлган бинода қад ростламоқда. Аввалига бу ерда трамвайлар ҳаракатланган, кейин энергия ишлаб чиқарилган, энди эса санъат, маданият ва тарих муҳокама қилинади. Бунда ўтмиш сиғиниш объектига айланмайди — у янги мулоқот учун материалга айланади.
«Марказнинг очилиши Тошкентдаги кейинги замонавий қурилишлар учун янги стандарт, янги оҳанг белгилаши ва замонавий эстетика нима эканлиги ҳамда у қанчалик жонли бўлиши мумкинлигига ажойиб намуна бўлиши керак», — дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди санъатшунос, Третьяков галереясининг собиқ директори Зельфира Трегулова «Газета» билан суҳбатда.
Бу фикр, таъбир жоиз бўлса, истиқболга қаратилган. CCA Tashkent учун Трегулова — марказнинг катта режаларига жалб қилинган инсон. Санъатшунос келгуси йилнинг баҳорига режалаштирилган, концептуал санъат оламининг рамзий сиймолари — Илья ва Эмилия Кабаковларнинг шахсий кўргазмасига кураторлик қилиши маълум.
Айнан мана шу очиқлик янги марказни оддий кўргазма муассасасидан ажратиб туриши керакдек туюлади. Бу, эҳтимол, лойиҳа учун энг қизиқарли синов бўлади. Бугунги кунда Тошкентга йирик хорижий кўргазмани олиб келиш мутлақо имконли иш. Бу ерда бундай кўргазмалар оралиғида ишлай оладиган — ўз рассомлари, тадқиқотлари, муҳокама ва баҳс-мунозараларига эга профессионал муҳитни яратиш эса анча мураккаброқдир.

