Олий суд Трампнинг Калифорнияда баҳсли овозларни санашни тўхтатиш ҳақидаги илтимосини рад этди
Оралиқ сайловлар арафасида чиқарилган ушбу қарор, аслида, Трамп администрациясининг штатдаги сайлов бюллетенларини ҳақиқий эмас деб топишга бўлган уринишига чек қўяди.

Олий суд Трампнинг Калифорнияда баҳсли овозларни санашни тўхтатиш ҳақидаги илтимосини рад этди
АҚШ Олий суди Трамп маъмуриятининг Калифорниядаги оралиқ сайловлар овозларини санаш жараёнига аралашиш бўйича сўнгги дақиқалардаги илтимосини рад этди.
Адлия вазирлиги 20 000 та сайлов бюллетени штатдаги АҚШ фуқароси бўлмаган шахсларга берилган бўлиши мумкинлигини даъво қилиб, уларни бир четга олиб қўйишни сўраган эди.
Иккита қуйи инстанция суди бу илтимосни аллақачон рад этган эди. Штат сайлов мулозимлари тахмин қилинаётган фуқаро бўлмаган шахсларни аниқлаш учун қўлланилган усул ноаниқ эканини айтиб, федерал ҳукуматнинг даъволарига эътироз билдирди.
Дўшанба күниги қарор оралиқ сайловлар арафасида қабул қилинди. Ушбу сайловлар Президент Дональд Трамп иккинчи муддатининг сўнгги икки йилида қайси сиёсий партия АҚШ Конгрессини назорат қилишини ҳал қилади.
Олий суд ўз қарорини бир қаторлик фармойишда эълон қилиб, адлия вазирлигининг суд тақиқи ҳақидаги илтимосини рад этаётганини билдирди.
"Судья Каганга тақдим этилган ва у томонидан Судга ҳавола қилинган апелляция кўриб чиқилгунига қадар суд тақиқини қўллаш ҳақидаги ариза рад этилади", дейилади унда.
Бу қуйи суд қарорлари ўз кучида қолишини ва Трамп маъмуриятининг бюллетенларни бекор қилишга бўлган уриниши амалда якунланганини англатади.
Калифорния - Американинг энг кўп аҳоли яшайдиган штати бўлиб, сайловчилар рўйхатида 23 миллионга яқин киши бор. Калифорния давлат котиби офисига кўра, якшанба оқшомига қадар почта орқали юборилган олти миллиондан ортиқ бюллетень қабул қилиб олинган.
Суд ҳужжатларига кўра, ўтган ойда адлия вазирлиги Калифорния давлат котиби ва Лос-Анжелес округи регистраторига мактуб юбориб, Трамп маъмурияти фуқаро эмаслигига "ишонадиган" ва бу эҳтимоли "юқори" бўлган 20 000 нафар рўйхатга олинган сайловчининг бюллетенларини бир четга олиб қўйишни талаб қилган.
Тохминан бир ҳафта ўтгач, Ички хавфсизлик вазирлигининг қуролланган мулозимлари Калифорния бўйлаб округ мулозимлари ва ходимларига мактублар етказиб, агар улар ушбу бюллетенларни алоҳида ажратмаса, жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган.
BBC томонидан кўриб чиқилган 22 саҳифали баёнотда адлия вазирлиги фуқаро бўлмаган шахслар томонидан берилган овозлар "ҳақиқий овозларни қадрсизлантириши ёки кучини камайтириши" мумкинлигини таъкидлаган.
Жума куни федерал апелляция суди ҳукуматнинг бюллетенларни ажратиш ҳақидаги илтимосини рад этди.
Калифорния сайлов мулозимлари ҳукумат даъволарининг тўғрилигига шубҳа билдиришди ва ҳукумат томонидан тақдим этилган исмлар рўйхати жуда кўп ноаниқликларга тўла эканини айтишди.
Улар овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчилар сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлигидан огоҳлантиришди ва овоз бериш давом этаётган бир пайтда бюллетенларни ажратишнинг имкони йўқлигини билдиришди.
Бу ҳаракатлар Трамп ва унинг маъмурияти томонидан кенг тарқалгани айтиладиган, аммо тадқиқотлар жуда кам учрашини кўрсатадиган сайловдаги сохталаштиришларга қарши кўп йиллик кампаниянинг бир қисмидир.
Президент Трамп Демократлар иммигрантларга ноқонуний овоз беришга рухсат бериш орқали сайловларни ўғирлашини бир неча бор таъкидлаган ва бунинг катта қисмида кўплаб Демократик штатларда рухсат берилган "почта орқали" овоз беришни айблайди.
Ўтган ҳафтада кескин танқидий қарорида округ судьяси Дэвид Картер ҳукуматнинг Калифорниядаги бу ҳаракати Трамп маъмурияти томонидан "сайловга аралашишга бўлган давомли уринишлар кўринишини" акс эттиришини айтди.
Судья қўшимча қилишича, "Америка тарихида ҳеч қачон федерал ҳукумат сайлов арафасида штат ва маҳаллий ҳукуматни ўзларининг конституциявий сайлов тартиб-қоидаларидан воз кечишга ва ижроия ҳокимиятининг иродасига бўйсунишга мажбур қилишга уринмаган".

