Суд Трамп маъмуриятига Оқ уйнинг бузиб ташланган қисмидаги қурилишларни тўхтатишни буюрди
АҚШ федерал апелляция суди Доналд Трамп маъмуриятига Оқ уйнинг бузиб ташланган Шарқий қаноти ўрнида 400 миллион долларлик бал зали қурилишини тўхтатишни буюрди. Бу ҳолат республикачи етакчининг президентлик ваколатларини синовдан ўтказаётган ишда унга катта зарба бўлди.

Суд Трамп маъмуриятига Оқ уйнинг бузилган қисмидаги қурилиш ишларини тўхтатишни буюрди.
Вашингтондаги Колумбия округи бўйича АҚШ Апелляция судининг 2-1 нисбатдаги қарорида шундай дейилади: «Ҳар бир президент Оқ уйнинг эгаси эмас, балки вақтинчалик ижарачисидир. Уни Конгресснинг рухсатисиз тубдан ўзгартира олмайди».
Реутерс хабарига кўра, суд ҳайъатининг кўпчилик аъзолари шундай хулосага келган: «Улкан бал зали қурилиши керакми ёки йўқми, буни Конгресс ҳал қилади. Бу ижроия ҳокимиятининг ўзбошимчалик билан ҳал қиладиган иши эмас».
Ушбу қарор Тарихий ёдгорликларни сақлаш миллий трести (Натионал Труст фор Ҳисторис Пресерватион) томонидан ютиб олинган дастлабки эҳтиёт чорасини ўз кучида қолдирди. Трест ўтган йили – Оқ уй маъмурияти бинонинг шарқий қанотини бузиб ташлаб, Конгрессдан рухсат сўрамасдан 8 360 квадрат метр ҳудудга зал қуришни бошлаганидан кейин судга мурожаат қилганди.
Миллий трест президенти Брент Легс ушбу суд қарорини «Америка халқининг ўзлари қадрлайдиган тарихий жойлар, шу жумладан Оқ уй ҳақида ўз фикрларини билдириш ҳуқуқи учун ажойиб кун» бўлганини таъкидлади.
Апелляция суди Трамп маъмуриятига АҚШ Олий судига шикоят қилиш имконини бериш учун ўз қарори ижросини 14 кунга тўхтатиб турди.
**Трамп шикоят бермоқчи**
АҚШ етакчиси эса ушбу лойиҳа хавфсизлик зарурати эканлигини тобора кўпроқ таъкидламоқда. Хусусан, Трамп жума куни постида бу иншоотни «ҳарбий марказ» деб атади ва маъмурият Олий судга апелляция беришини айтди. У суд қарорини «даҳшатли» ҳамда сиёсий мақсадларга қаратилган, деб ҳисобламоқда. Трампнинг айтишича, бу қарор уни, Оқ уйнинг бошқа расмийларини ва ташриф буюрувчиларни «ҳужум хавфи остида қолдириши» мумкин.
«Ушбу адолациз қарор Олий суд томонидан тўлиқ бекор қилиниши керак», деб ёзди Трамп. Унинг сўзларига кўра, бал зали режаси бомба паноҳлари, тиббий муассасалар, дрон ва ракеталардан ҳимоя қилиш тизимлари ва бошқа хавфсизлик хусусиятларини ўз ичига олади. Юқоридагиларнинг «барчаси битта катта, қиммат ва жуда мураккаб мажмуа сифатида бирлаштирилган».
Бундан ташқари, Доналд Трамп дастлабки ҳисоб-китобларга нисбатан икки баравар ошиб кетган бал зали харажатларини ҳимоя қилмоқда. У жорий йил май ойидаги постида харажатларнинг ошишини «зал асл таклифга қараганда қарийб икки баравар катта ва анча юқори сифатга эга» эканлиги билан изоҳлаганди.
Нашрнинг ёзишича, Оқ уйдаги бал зали режаси – Трампнинг Вашингтон марказидаги ҳукумат бинолари ва миллий ёдгорликлар қиёфасини ўзгартиришга қаратилган қатор ҳаракатлари ичидаги энг улканидир. Яқинда, алоҳида бир суд ишида судя - Трампнинг номи Кеннеди номидаги марказнинг (Кеннедй Сентер) ташқи қисмига ноқонуний равишда қўшилганини айтиб, уни олиб ташлашни буюрганди.
**Миллий хавфсизлик важлари**
Бал зали иши бўйича ишда қатнашган Адлия вазирлиги адвокати Яков Рот апелляция судидаги баҳслар чоғида хусусий тарзда молиялаштириладиган ушбу лойиҳани баҳолашда судлар ҳеч қандай рол ўйнамаслигини айтди. У собиқ Шарқий қанот – президентни ва Оқ уйдаги бошқа шахсларни ҳужумга заиф ҳолатда қолдирганини исботловчи далиллар борлигини даъво қилди. Шунингдек, Рот Миллий трестнинг «архитектуравий диди» миллий хавфсизлик масалаларидан устун турмаслиги кераклигини таъкидлади.
Демократлар томонидан тайинланган апелляция суди кўпчилик аъзолари эса уларнинг буйруғи бал зали қурилишини бутунлай тақиқламаслигини, балки суд жараёни давомида, Оқ уй Конгресс рухсатини олгунга қадар ер усти ишларини тўхтатиб туришини айтган.
«Миллий хавфсизлик важлари - қонунлардан автоматик тарзда қутулиб қолиш воситаси эмас», дейилади суд қарорида.
Судяларга кўра, «ижроия ҳокимиятининг мутлақо қонунсизлик билан ҳаракат қилиши мумкинлиги ҳамда ҳеч қандай суд уни тўхтата олмаслиги ҳақидаги дадил даъвоси» – АҚШ конституциявий тузумини менсимасликдир.

