Олимлар қадимда Ернинг 80 фоизини эгаллаган суперқитъанинг номаълум бўлакларини аниқлади

**Олимлар қадимда Ернинг 80 фоизини эгаллаган суперқитъанинг номаълум бўлакларини аниқлади**
Хитой Геология фанлари академияси олимлари Гондвана (500-600 миллион йил аввал мавжуд бўлган ва кейинчалик бўлиниб кетган улкан қадимий суперконтинент) қитъасининг чегараларини қайта тиклаб, қадимги ер пўстининг илгари номаълум бўлган бўлакларини аниқлади. Маълум бўлишича, тахминан 550 миллион йил аввал бу суперконтинент Ер сайёраси қуруқлигининг 80 фоизигача бўлган қисмини эгаллаган бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар турли мамлакат мутахассислари томонидан тузилган глобал геокимёвий маълумотлар базасидан фойдаланди. Улар 25 мингдан ортиқ магматик тоғ жинси намуналарининг таркибини таҳлил қилиб, уларнинг келиб чиқишини ўзаро солиштирди.
Маълумотларни қайта ишлашда олимлар сунъий интеллект ва геологик хариталаш усулларидан фойдаланди. Таҳлиллар Жануби-шарқий Осиё, Марказий Европа ва Шимолий Американинг жануби-шарқий қисмида қадимги ер пўстининг кўмилиб кетган қатламлари мавжудлигини кўрсатди.
Аввал Гондвана майдони ўша даврдаги жами қуруқликнинг тахминан 64 фоизини ташкил қилган деб ҳисобланар эди. Янги ҳисоб-китоблар бу кўрсаткични 80 фоизга етказди ва қадимги қитъа ҳажми ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирди.
Олимлар Гондвананинг мавжудлигини тахминан 541 миллион йил аввал юз берган Кембрий портлашидан олдинги жараёнлар билан ҳам боғлади. Бу даврда ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллиги кескин ошган ва авлодлари бугунги кунда ҳам яшаётган кўплаб организмлар пайдо бўлган.
Бундай улкан қуруқликнинг шаклланиши дунё океани сатҳига, мантия моддаларининг ҳаракатига ва атмосфера таркибига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Қайд этилишича, янги маълумотлар Ер тарихининг илк босқичларида қитъалар ажралиб кетиши, иқлим ўзгариши ва ҳаётнинг ривожланиши ўртасидаги боғлиқликни янада аниқроқ ўрганишга ёрдам беради.

