Ойда номаълум сивилизацияларга тегишли технологиялар бўлиши мумкин — олимлар

Ойда номаълум сивилизацияларга оид технологиялар бўлиши мумкин — олимлар
Олимлар Ой юзасида қадим замонларда мавжуд бўлган эҳтимолий бегона сивилизацияларга тегишли технологик излар сақланиб қолган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Тадқиқотчиларнинг тахминига кўра, бундай технологияларнинг майда бўлаклари юлдузлараро маконни босиб ўтиб, Ойга етиб келган бўлиши эҳтимол.
Тадқиқот натижалари архив препринтлар серверида чоп этилган.
Олимлар кўп йиллардан бери коинотда ердан ташқари сивилизацияларнинг технологик фаолиятига доир белгиларни излаб келмоқда. Аммо ҳозиргача бундай далиллар аниқланмаган. Тадқиқот муаллифлари бунга сабаб сифатида эҳтимолий бегона сивилизациялар аллақачон йўқ бўлиб кетган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Шунга қарамай, уларнинг технологик қолдиқлари сақланиб қолган бўлиши эҳтимоли бор. Олимлар ана шундай қолдиқларни излаш учун Ойни энг истиқболли жойлардан бири деб ҳисоблайди.
Бунга Ойнинг ўзига хос шароити сабаб бўлади. Унда атмосфера ҳам, магнит майдон ҳам йўқ, шу боис Ой юзаси доимий равишда метеоритлар ҳамда Қуёш тизими ва унинг ташқарисидан келадиган микроскопик заррачалар оқими таъсирида қолади.
Бундан ташқари, Ойда тектоник фаоллик ҳам, суюқ сув ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли унинг юзасига тушган заррачалар вақт ўтиши билан йўқолиб кетмай, Ой чанги таркибида сақланиб қолиши мумкин.
Тадқиқотчилар айнан шу чанг орасида узоқ вақт аввал йўқ бўлиб кетган бегона сивилизацияларнинг технологик фаолиятидан қолган жуда кичик бўлаклар бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Масалан, улкан сунъий космик иншоотлар, жумладан, Дйсон сфералари ёки бегона сивилизацияларга тегишли космик аппаратлар вайрон бўлгач, уларнинг қолдиқлари юлдузлараро фазога тарқалган бўлиши мумкин.
Металл ёки бошқа сунъий материаллардан иборат микроскопик заррачалар ақлли сивилизациялар яшаган юлдуз тизимларидан кучли юлдуз шамоллари таъсирида чиқариб юборилган бўлиши эҳтимол қилинмоқда. Улар жуда узоқ вақт давомида галактика бўйлаб ҳаракатланиб, охир-оқибат Қуёш тизимига кирган ва Ой юзасига тушган бўлиши мумкин.
Олимларнинг фикрича, агар бундай технологик қолдиқлар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлса, уларни Ой юзасидан топиш бошқа сайёраларга қараганда нисбатан осонроқ бўлиши мумкин.
Бироқ бу ҳозирча илмий гипотеза бўлиб қолмоқда, Ойда бегона сивилизацияларга тегишли технологиялар топилгани ҳақида эса ҳеч қандай далил йўқ.

