Олимлар ўлган филлар атрофига ҳайвонлар нега кўпроқ келишини аниқлади
Жанубий Африкадаги Крюгер миллий боғида ўтказилган тадқиқот фил қолдиқлари тупроқ, ўсимликлар ва ўтхўр ҳайвонларнинг озиқланишига етти йилдан ортиқ таъсир қилишини кўрсатди. Бундай жойларда ўтлар тўйимлироқ бўлган, аммо ўсимликлар ва тупроқ микроорганизмларининг хилма-хиллиги камайган.

Олимлар ўлган филлар атрофида нега бошқа ҳайвонлар кўпроқ тўпланишини аниқлади
Бу ҳақдаги илмий иш Просеедингс оф тҳе Натионал Асадемй оф Ссиенсес журналида эълон қилинган.
Филлар тирик пайтида кўп миқдорда ўсимлик истеъмол қилиб, шохларни синдириши ва баъзан дарахтларни йиқитиши орқали саванна манзарасини ўзгартиради. Тадқиқотчилар уларнинг ўлимидан кейин экотизимга таъсири қанча муддат сақланишини ўрганди.
Олимлар филлар ўлган 40 та ҳудудни текширган. Қолдиқларнинг ёши саккиз кундан 2814 кунгача, яъни қарийб 7,7 йилгача бўлган.
Ҳар бир жойда фил қолдиқларидан 0,5 ва 2,5 метр узоқликдаги тупроқ ҳамда ўсимликлар таҳлил қилинган. Натижалар 15 метр масофадаги назорат майдонлари билан солиштирилган. Шунингдек, микроорганизмлар ДНКси ўрганилиб, ҳайвонларнинг озиқланиши фототузоқлар орқали кузатилган.
Энг катта ўзгариш тупроқнинг кимёвий таркибида аниқланган. Фил қолдиқлари яқинида аммоний миқдори назорат майдонларига нисбатан ўртача 31 баравар, нитратлар етти баравар, фосфор эса уч баравар юқори бўлган.
Баъзи янги қолдиқлар ёнида тупроқдаги азот бирикмалари миқдори одатдаги даражадан қарийб 3000 бараваргача ошган. Бунга кўп тоннали ҳайвон танаси парчаланиши натижасида катта ҳажмдаги органик моддалар тупроққа тушиши сабаб бўлгани айтилган.
Бироқ озуқа моддалари кўплиги ўсимликлар учун ҳар доим ҳам фойдали бўлмаган. Аммонийнинг жуда юқори консентрацияси уларга заҳарли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис янги қолдиқлар атрофида ўсимликлар ўсиши учун ноқулай шароит юзага келган.
Фил қолдиқлари яқинида ўсимликлар хилма-хиллиги назорат майдонларидагидан анча паст бўлган. Бу тафовут ҳатто 7,7 йиллик қолдиқлар атрофида ҳам сақланиб қолган.
Тупроқдаги бактериялар ва замбуруғлар хилма-хиллиги ҳам камайган. Шу билан бирга, органик моддаларни парчаловчи микроорганизмлар фаоллиги бир-икки йил давомида юқори бўлиб қолган.
Қизиғи, бундай жойларда ўсишга муваффақ бўлган ўтлар тўйимлироқ бўлган. Уларнинг баргларидаги азот миқдори назорат майдонларига нисбатан ўртача 1,5 баравар юқори чиққан. Бу ҳолат эски қолдиқлар атрофида ҳам кузатилган.
Фототузоқлар импала антилопалари ва буйволлар фил қолдиқлари яқинида назорат майдонларига қараганда тахминан уч баравар кўпроқ озиқланганини кўрсатган. Бундай фаол ўтлаш фил ўлганидан етти йилдан ортиқ вақт ўтгач ҳам давом этган.

