Оксфорд-стрит — Лондоннинг энг машҳур харид кўчаси — пиёдалар кўчасига айланди
Оксфорд-стрит — Лондоннинг бош савдо кўчаси — деярли бир километрлик участкада пиёдалар кўчасига айланди. 26 октябрдан бошлаб у ерда автомобиллар, автобуслар, таксилар, велосипедлар ва скутерлар ҳаракати тақиқланди. Шаҳар мэрияси бу ўзгаришлар янги иш ўринлари яратилишига ва маҳаллий иқтисодиётнинг ўсишига хизмат қилишини кутмоқда.

Оксфорд-стрит — Лондоннинг энг машҳур савдо кўчаси — пиёдалар зонасига айланди
26 октябрдан бери Лондоннинг бош савдо кўчаси — Оксфорд-стритнинг бир қисми пиёдалар зонасига айланди, деб ёзмоқда BBC News ва Guardian.
Транспорт учун кўчанинг деярли бир километри — Орчард-стритдан Грейт-Портленд-стритгача бўлган қисми ёпилди. Чеклов автомобиллар, автобуслар, таксилар, велосипедлар ва скутерларга тегишли. Ўтиш фақат пиёдалар ва фавқулодда хизматлар учун қолдирилди.
Лондон мэри Садик Хон Оксфорд-стритнинг пиёдалар зонасига айлантирилишини «пойтaхт учун ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа» деб атади. Унинг сўзларига кўра, охирги икки ўн йилликда кўча «назорат қилинадиган таназзулни» бошдан кечирмоқда эди.
«Оксфорд-стритнинг қайта ўзгариши пойтахтда иш ўринлари яратилиши ва иқтисодий ўсишга ёрдам беради, Вест-Энднинг ушбу асосий қисми салоҳиятини тўлиқ очишга имкон беради ва Лондонни ҳамма учун яхшироқ, экологикроқ ва янада фаровон шаҳарга айлантиришга ёрдам беради», — деди Садик Хон.
Лондон мэрияси иқтисодиёт департаментининг баҳолашича, Оксфорд-стритнинг пиёдалар зонасига айлантирилиши маҳаллий иқтисодиётга йилига 82 млн фунт стерлинггача даромад келтириши ва 700 дан ортиқ қўшимча иш ўринлари яратилишига ёрдам бериши мумкин.
Йирик компаниялар, жумладан Selfridges, John Lewis ва IKEA ушбу ўзгаришларни қўллаб-қувватлади.
Guardian томонидан сўров ўтказилган харидорлар Лондон мэрияси лойиҳасини ижобий баҳоладилар. Уларнинг сўзларига кўра, пиёдалар майдони кенгайтирилганидан кейин Оксфорд-стритда юриш ва витриналарни томоша қилиш қулайроқ бўлди, пиёдалар йўлакларида эса тирбандлик камайди.
Оксфорд-стритни кенг кўламли реконструкция қилиш 2027 йил баҳорида бошланади. Қиймати 150 млн фунт стерлинг бўлган лойиҳа дарахтлар экиш, ўриндиқлар ўрнатиш ва тадбирлар ўтказиш учун майдончалар яратишни назарда тутади.

