«Ўзбекнефтгаз» еврооблигацияларни сўндириш муддатини узайтириши мумкин
Компания 2028 йилда муомала муддати тугайдиган еврооблигациялар чиқарилишини сўндириш муддатини узайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда ва Uzbekistan GTL лойиҳаси учун 1 млрд долларлик кредитларни қайта молиялаштиришни режалаштирмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» еврооблигацияларни сўндириш муддатини узайтириши мумкин
«Ўзбекнефтгаз» 2028 йилга тўғри келадиган еврооблигацияларнинг биринчи чиқарилишини сўндириш муддатини узайтириш вариантини кўриб чиқмоқда. Компанияда мажбуриятларни ёки ўз маблағлари ҳисобидан, ёки қарзни пролонгация қилиш орқали бажариш усуллари ўрганилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамраев сўзлаб берди.
У еврооблигацияларнинг иккинчи чиқарилишини сўндириш муддати 2030 йилда келишини таъкидлади. Биринчи чиқарилиш бўйича компания қарорни олдиндан тайёрлаш ва ҳозиргидан ёмон бўлмаган шартларда узайтиришга эришиш учун музокараларни бошлаш nиятида.
Ҳамраев гап янги молиялаштиришни жалб қилиш ҳақида кетмаётганини таъкидлади. Компания мажбуриятлар суммасини сақлаб қолган ҳолда, фақат уларни сўндириш муддатини ўзгартиришни режалаштирмоқда.
«Гап янги қарз ҳақида кетмаяпти — ушбу еврооблигациялардан ташқари қўшимча маблағлар жалб қилинмайди. Бу ўша суммани бошқа муддатга пролонгация қилиш масаласидир», — дея тушунтирди у.
Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» юқори фоиз ставкаларига эга бўлган деярли барча кредитларни қайта молиялаштирганини маълум қилди. Ягона истисно сифатида Uzbekistan GTL заводи лойиҳасини молиялаштириш учун жалб қилинган $1 млрд миқдоридаги қарзлар қолмоқда.
Компания ушбу кредитларни жорий йилнинг охирида ёки кейинги чоракнинг бошида қайта молиялаштирмоқчи. Ҳамраевнинг сўзларига кўра, бу ушбу қарзлар бўйича берилган давлат кафолатини олиб ташлаш имконини беради. Банклар энди унинг мавжудлигини талаб қилмаяпти, буни компания вакили инвесторларнинг «Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий имкониятларига бўлган ишончи ортгани билан боғлади.
29 сентябрь куни компания J.P. Morgan билан музокаралар ўтказди, унда халқаро капитал бозорларига чиқиш имкониятлари ва облигациялар чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати Spot нашрига ўша пайтда янги еврооблигацияларни жойлаштириш бўйича режалар бўлмаганини маълум қилди.
2025 йилнинг май ойида «Ўзбекнефтгаз» йиллик 8,75% даромадлилик билан $850 млнлик еврооблигацияларни жойлаштирди. 2021 йилнинг ноябрь ойида компания йиллик 4,75% даромадлилик билан $700 млнлик облигацияларни чиқарган эди.

