«Ўзбекнефтгаз» Saneg билан битим бекор қилинганидан кейин Фарғона НҚИни ўз таркибига қайтаришни таклиф қилмаган
«Ўзбекнефтгаз» Фарғона НҚИни ўз таркибига қайтариш бўйича таклифлар юбормаган. Saneg билан битим бекор қилингач, завод давлатга ўтди. Давлат активларини бошқариш агентлиги ундан кейинчалик фойдаланиш вариантларини кўриб чиқмоқда, аммо ҳозирча якуний қарор йўқ.

«Ўзбекнефтгаз» Saneg билан битим бекор қилинганидан кейин Фарғона НҚИни ўз таркибига қайтариш таклифи билан мурожаат қилмаган
«Ўзбекнефтгаз» Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИ) давлат мулкига ўтганидан кейин корхонани компания таркибига қайтариш бўйича ҳеч қандай таклиф юбормаган.
Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамраев 27 октябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг Фарғона НҚИнинг кейинги тақдири ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, маълум қилди.
Компания вакилининг сўзларига кўра, завод «Ўзбекнефтгаз» таркибидан ҳали 2018 йилда, Давлат активларини бошқариш агентлигига (ДАБА) топширилган вақтда чиққан. Кейинчалик корхона хусусийлаштиришга қўйилган.
«Саккиз йилдирки, Фарғона НҚИ „Ўзбекнефтгаз“ таркибига кирмайди. Менга маълум бўлишича, ҳозирда корхона Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига қайтарилган. Бироқ агентлик ва инвестор ўртасида юзага келган мажбуриятларнинг тафсилотлари бизга маълум эмас», — деди «Ўзбекнефтгаз» вакили.
Заводни «Ўзбекнефтгаз»га қайтариш кўриб чиқиляптими, деган саволга жавоб берар экан, раиснинг биринчи ўринбосари ДАБА активни кейинги бошқаришнинг бир нечта вариантини ўрганаётганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мумкин бўлган ечимлар орасида корхонани бошқариш тизимини ўзгартириш, «Ўзбекнефтгаз»га қайтариш, инвесторларни жалб қилиш ёки хусусийлаштириш бор.
Шу билан бирга, Ҳамраев заводни «Ўзбекнефтгаз»га топшириш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини таъкидлади.
«Ўзбекнефтгаз»нинг ўзи заводни ўз таркибига қайтариш бўйича таклиф юборганми, деган аниқлаштирувчи саволга Суҳроб Ҳамраев салбий жавоб берди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Фарғона НҚИ Jizzakh Petroleum компаниясига ишончли бошқарувга берилган эди, у кейинчалик Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) деб қайта номланди.
2022 йил май ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги заводдаги давлат улуши Saneg компаниясига 100 млн долларга сотилганини эълон қилган эди.
Битим шартларига кўра, инвестор корхонани модернизация қилишга 380 млн доллар сармоя киритиш мажбуриятини ҳам олган. Лойиҳада нефтни қайта ишлаш чуқурлигини ошириш, бензин ва дизель ёқилғисининг замонавий турларини ишлаб чиқариш, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш кўзда тутилган эди.
Бироқ 2026 йил июнь ойи бошида Фарғона НҚИ яна тўлиқ давлат мулкига ўтгани маълум бўлди.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, устав фонди 124,54 млрд сўм бўлган заводнинг ягона муассиси 100 фоизлик улуш билан Давлат активларини бошқариш агентлиги бўлди.
Ҳали 2026 йилнинг май ойида агентликка корхонанинг 58,5 фоизи, Saneg`га эса 41,5 фоизи тегишли эди.
8 октябрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Фарғона НҚИнинг давлатга қайтарилишини инвесторнинг молиявий қийинчиликлари билан изоҳлади.
Унинг сўзларига кўра, Saneg`да бошқа лойиҳаларни амалга оширишда юзага келган муаммолар компаниянинг сотиб олинган завод учун тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажариш қобилиятига таъсир қилган.
«Инвесторда бошқа инвестиция лойиҳаларида молиявий қийинчиликлар юзага келди, шу сабабли тўлов мажбуриятларини бажаришда муаммолар пайдо бўлди. Оқибатда биз шартномани бекор қилдик ва бугунги кунда актив давлатга қайтарилди», — деди Муродов.
У олди-сотди шартномасида тўловлар уч ойга кечиктирилган тақдирда сотувчининг келишувни бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқи кўзда тутилганини аниқлаштирди.
Қарор қабул қилишдан олдин агентлик халқаро юридик консультантларни жалб қилди ва инвесторни шартнома бекор қилингани ҳақида хабардор этди.
Шу билан бирга, Saneg завод учун тўлаб беришга улгурган аниқ сумма, қолган мажбуриятлар миқдори ва шартнома бекор қилинганидан кейинги молиявий ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби ошкор қилинмади.
8 октябрь куни Соҳибжон Муродов Фарғона НҚИни қайта хусусийлаштириш масаласи ўша пайтда кўриб чиқилмаганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, корхона учун қисқа муддатли стратегия ишлаб чиқилган ва молиявий соғломлаштиришга киришилган.
Бундан ташқари, корхонада унинг молиявий мажбуриятларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаши керак бўлган халқаро аудит ўтказилмоқда. Текширув якунлари бўйича қарзларни узиш ёки қайта таркиблаш тартибини белгилаш назарда тутилган.
2025 йил якунларига кўра, ФНҚИ 538,1 млрд сўм миқдорида зарар кўрди. 2026 йил январь ойида Enter Engineering, Eriell Group ва Saneg`ни молиявий барқарорлаштириш чора-тадбирлари доирасида ҳукумат ишчи гуруҳга бир қатор стратегик лойиҳаларни, жумладан, Фарғона НҚИни модернизация қилишни якунлай оладиган янги инвесторлар учун таклифлар тайёрлашни топширди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Марказий Осиёдаги энг йирик ёнилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Корхона бензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мотор ва индустриал мойлар, битум ҳамда бошқа нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, Saneg билан боғлиқ активлар билан боғлиқ бир қатор битимлар «Ўзбекнефтгаз» бошқарувининг собиқ раиси Баҳодиржон Сидиқов ва бошқа айбдорларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг предметига айланди.

