Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини қайта хусусийлаштириш ҳозирча режалаштирилмаяпти — Давактив
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини қайта хусусийлаштириш ҳозирча режалаштирилмаган. Инвестор тўловларни кечиктиргани сабабли давлат улушини сотиш шартномаси бекор қилинган. Заводни молиявий соғломлаштириш чоралари кўрилиб, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш 40%дан қарийб 100%га етказилди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини қайта хусусийлаштириш ҳозирча кўзда тутилмаган — Давактив
Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини қайта хусусийлаштириш масаласи ҳозирча кун тартибида эмаслигини билдирди. Корхонанинг қарзлари халқаро аудит доирасида ўрганилмоқда.
Унинг айтишича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи илгари “Ўзбекнефтгаз” таркибида бўлган. Завод сотилишидан олдин унинг давлат улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган ва бу жараёнда “Ўзбекнефтгаз” билан ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилган. Шу тариқа корхона “Ўзбекнефтгаз” таркибидан ажратилган.
Ҳозир заводнинг ягона аксиядори Давактив ҳисобланади. Агентлик директори корхонани қайта хусусийлаштириш масаласи ҳозирча кун тартибига чиқмаганини таъкидлади.
“Келгуси режаларга келадиган бўлсак, бугунги кунда хусусийлаштириш масаласи кун тартибига чиқмаган ҳали”, — деди у.
Агентлик директори заводнинг қисқа муддатли стратегияси ишлаб чиқилгани ва уни молиявий соғломлаштириш бўйича бир қатор чоралар кўрилганини айтди. Унинг таъкидлашича, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 40 фоиздан қарийб 100 фоизга етказилган.
Дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга, йўл қурилишида ишлатиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш эса 60 фоизга ошган. Авиация керосини ишлаб чиқариш ҳажми ҳам бир неча баробар кўпайган.
Матбуот анжуманида журналистлар корхонанинг қарзлари ва уларни қоплаш бўйича қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида ҳам сўради.
Давактив раҳбарининг айтишича, ҳозир заводда халқаро аудит ўтказилмоқда. Унинг доирасида қарзлар қайси мақсадларда жалб қилингани ва корхонанинг ҳақиқий қарз мажбуриятлари ўрганилади.
“Қайси қарзлар, қайси мақсадда жалб қилингани ва корхонада ҳақиқатан мавжуд бўлган қарзлар ўрганиляпти. Улар молиявий фаолият давомида белгиланган шартлар сақланган ҳолда тўланадими ёки тўлов муддатлари кечиктириладими — бу шартномаларга боғлиқ”, — деди у.
Давактив раҳбари ФНҚИЗ устав фондидаги давлат улушини сотиш бўйича шартнома инвестор тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани сабабли бекор қилинганини ҳам тушунтирди.
Унинг айтишича, тўловлар инвесторнинг бошқа лойиҳаларидаги молиявий қийинчиликлар туфайли кечиктирилган. Олди-сотди шартномасида тўловлар уч ой давомида кечиктирилган тақдирда сотувчи шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланган.
“Биз бунга халқаро юристларни ҳам жалб қилиб, уларнинг хулосалари асосида бир томонлама бекор қилдик. Албатта, иккинчи тарафни огоҳлантирган ҳолда ва давлат активи бугунги кунда қайтарилди”, — деди агентлик раҳбари.
2022-йил май ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона НҚИЗ устав фондидаги 100 фоизлик давлат улушини Санег компаниясига 100 млн долларга сотганини эълон қилган эди. Бунгача корхона “Ўзбекнефтгаз”га қарашли бўлган.
2024-йил август ҳолатига кўра, давлат номидан Давлат активларини бошқариш агентлиги 58,5 фоиз, Санег эса 41,5 фоиз улушга эгалик қилаётган эди.
2026-йил июн ойида Газета корхона ва ташкилотларнинг давлат реестри маълумотларига таяниб, завод яна давлат назоратига ўтгани ҳақида хабар берганди. Реестрда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи МЧЖнинг ягона таъсисчиси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги кўрсатилган.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи — Марказий Осиёдаги энг йирик ёнилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчиларидан бири. Корхона юқори октанли бензин, авиакеросин, дизел ёнилғиси, мотор ва саноат мойлари, битум, парафин, нефт кокси ва бошқа нефт маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Завод сайтида, шунингдек, ФНҚИЗ Ўзбекистондаги ягона мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчиси ҳамда Марказий Осиёда база мойларини ишлаб чиқарувчи йирик корхона экани таъкидланган.

