Маҳаллий

Ўзбекистонликларнинг аксарияти янгиликларни Telegram орқали олади — тадқиқот

Фойдаланувчиларнинг 55 фоизи мепсенжерда кунига икки соатгача вақт ўтказади.

Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги янгиликларни Telegram орқали олади — тадқиқот

Ўзбекистон аҳолиси янгиликларни энг кўп Telegram мессенжери орқали билиб олади. Бу ҳақда 2 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда медиаистеъмол бўйича миллий тадқиқот» тақдимотида «Ижтимоий фикр» маркази директори ўринбосари Мансур Саидов маълум қилди.

Тадқиқот Масс-медиа миллий фонди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Контент-марказ ва «Ижтимоий фикр» маркази билан ҳамкорликда ўтказилди.

Сўровномада мамлакатнинг барча ҳудудларидан 18 ёшдан катта бўлган 1411 нафар респондент иштирок этди. Тадқиқот жорий йилнинг 8 сентябридан 19 сентябригача ўтказилди. Иштирокчиларга, хусусан, ахборот олиш учун энг кўп қайси манбалардан фойдаланишлари ҳақида савол берилди.

«Telegram мамлакат медиамаконининг ўзига хос феноменига айланди. Фойдаланувчиларнинг 55 фоизи мессенжерда кунига 30 дақиқадан икки соатгача вақт ўтказади», — деди Мансур Саидов.

Тадқиқотнинг эълон қилинган натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 45,7 фоизи янгиликларни Telegram-каналлардан олади. Шу билан бирга, 36,9 фоизи бунинг учун ижтимоий тармоқлардан, 33,8 фоизи эса телевидениедан фойдаланади.

Яна 30,7 фоиз респондентлар маълумотларни интернет-нашрлар ва янгиликлар сайтларидан олишларини маълум қилишган.

Ижтимоий тармоқлар фаол ривожланаётганига қарамай, телевидение ҳамон ўз аудиториясини сақлаб қолмоқда. «Ижтимоий фикр» маркази вакилининг сўзларига кўра, сўралганларнинг 67 фоизга яқини мунтазам равишда теле кўрсатувларни томоша қилади.

«Телевидение оилавий ҳордиқ ва ишончли ахборот манбаи сифатида хонадонларимизда ҳамон муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Бу, айниқса, 35 ёшдан ошган аҳолига тегишли. Миллий телеканаллар орасида “Ўзбекистон 24”, “Миллий”, “Севимли”, “Зўр ТВ” ва “Ёшлар” етакчилик қилмоқда. Холис ва расмий ахборот олиш учун аҳолининг ярмидан кўпи “Ўзбекистон 24” телеканалига мурожаат қилади», — деди Мансур Саидов.

Бундан ташқари, тадқиқот иштирокчиларининг 80 фоиздан ортиғи Ўзбекистонда ва дунёда юз бераётган янгиликларни мунтазам ёки вақти-вақти билан кузатиб боришини билдирган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.