Telegram Ўзбекистонда янгиликлар манбалари орасида оммабоплиги бўйича телевидениени ортда қолдирди

Telegram Ўзбекистонда янгиликлар манбалари орасида оммабоплиги бўйича телевидениени ортда қолдирди
Telegram, телевидение ва ижтимоий тармоқлар Ўзбекистон аҳолиси янгиликларни оладиган асосий каналларга айланди. Шу билан бирга, уларга бўлган ишонч даражаси сезиларли даражада фарқ қилади: сўровда қатнашганларнинг 44,3 фоизи телевидениега, 11,3 фоизи Telegram-каналларга ишонади.
Бу ҳақда 2 ноябрь куни Тошкентда медиаистеъмол бўйича биринчи миллий тадқиқот якунларига кўра маълум қилинди.
Лойиҳа Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси, Президент Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази ҳамда "Ижтимоий фикр" республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Сўров 2026 йилнинг 8 дан 19 сентябригача респондентларнинг яшаш жойи бўйича юзма-юз интервью форматида ўтказилди. Унда мамлакатнинг барча 14 та ҳудудидан 18 ёшдан катта бўлган 1 411 киши иштирок этди. Шаҳар аҳолисининг улуши 53,9 фоизни, қишлоқ аҳолисиники эса 46,1 фоизни ташкил этди.
### Аҳоли янгиликларни қайердан олади
Тадқиқот маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси воқеалардан энг кўп Telegram-каналлар орқали хабардор бўлади — сўров иштирокчиларининг 51,6 фоизи ушбу манбани кўрсатган. Иккинчи ўринда 44,6 фоиз кўрсаткич билан телевидение, учинчи ўринда эса ижтимоий тармоқлар (41,6 %) жой олди.
Шу билан бирга, медиа афзалликлари ёшга сезиларли даражада боғлиқ. 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар Telegram (66,2 %) ва ижтимоий тармоқларга (54,4 %) кўпроқ мурожаат қилишади. 55 ёшдан ошган респондентлар орасида телевидение етакчилик қилмоқда: уни 77,4 фоиз киши танлайди.
Рақамли платформаларнинг ўсишига қарамай, телевидение ҳамон ўз мавқеини мустаҳкам сақлаб қолмоқда. Телевизион контентни сўровда қатнашганларнинг 67,5 фоизи томоша қилади. Бундан ташқари, айнан унга энг кўп ишонилади — тадқиқот иштирокчиларининг 44,3 фоизи. Тўққослаш учун, Telegram-каналларга 11,3 фоиз, янгиликлар сайтларига эса 7,4 фоиз киши ишонади.
Телеканаллар орасида энг катта ишончга "Ўзбекистон 24" сазовор бўлган. Уни томошабинларнинг 41,7 фоизи асосий ахборот манбаи деб атаган, 52,8 фоизи эса уни энг ишончли телеканал деб ҳисоблайди. Энг талабгир каналлар қаторида Milliy TV, Zo‘r TV ва Sevimli TV ҳам бор.
### Сўровда қатнашганларнинг деярли ўндан тўққизи Telegram'дан фойдаланади
Тадқиқотчилар ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан фойдаланишни алоҳида кўриб чиқдилар. Сўров маълумотларига кўра, респондентларнинг 64,8 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади, Telegram фойдаланувчиларининг улуши эса 86,1 фоизга этади.
Ижтимоий тармоқлар орасида Instagram сўзсиз етакчига айланди. Бундай платформаларга мурожаат қиладиган сўровда қатнашганларнинг 92,7 фоизи ундан фойдаланади.
Респондентлар рақамли ахборот манбаларини танлашнинг асосий сабаблари сифатида янгиликларни олиш тезлиги (48,6 %) ва исталган вақтда контентга кириш имкониятини (31 %) кўрсатишди.
Радио, аксинча, медиаистеъмол таркибида нисбатан кам ўрин эгаллайди. Сўров иштирокчиларининг 21,9 фоизи радиоэшиттиришларни тинглайди, 78,1 фоизи эса ушбу манбадан фойдаланмайди.
Радиотингловчиларнинг энг катта улуши 35–44 ёшдаги кишилар орасида (26,9 %), энг кам улуши эса 18–24 ёшдаги ёшлар орасида (16,7 %) қайд этилган.
### ОАВда қайси мавзулар етишмаяпти
Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, аудитория манфаатлари ҳар доим ҳам нашрлар мазмунига мос келавермайди. Сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи (56 %) Ўзбекистондаги воқеаларни кузатиб боради, 40 фоизи халқаро кун тартибига, 22 фоизи эса маҳаллий ва ҳудудий янгиликларга қизиқади.
Шу билан бирга, респондентларнинг 41,3 фоизи нарх-наво, даромадлар, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳақидаги маълумотлар етишмаслигини таъкидлади. Яна 40,6 фоизи аҳолининг кундалик муаммолари ҳақидаги материаллар камлигини кўрсатиб ўтди.
Аудитория кўпроқ маълумот олмоқчи бўлган бошқа мавзулар орасида — соғлиқни сақлаш (23 %), қонунлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари (22 %), давлат хизматлари (18 %), таълим ва фан (16 %) бор.
Мавзулардан ташқари, сўров иштирокчилари журналистик материаллар сифатига нисбатан ҳам ўз кутишларини билдирдилар. Шундай қилиб, 27,6 фоиз киши кўпроқ чуқур таҳлилий нашрларни, 22,5 фоиз киши турли нуқтаи назарлар холис тақдим этилишини кўришни хоҳлайди. шунингдек, респондентлар журналистик суриштирувлар зарурлигини таъкидладилар.
Тадқиқот шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг баҳолашларидаги фарқларни ҳам аниқлади. Хусусан, қишлоқ аҳолиси интернет-нашрлар ва янгилик сайтларида ёлғон ва нохолис маълумотлар учрайди деб кўпроқ ҳисоблайди. Қишлоқ респондентларининг 41,2 фоизи ушбу фикрда, шаҳарликлар орасида эса бу кўрсаткич 31,6 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, қишлоқ аҳолиси ОАВнинг холислиги ва беғаразлиги етарли эмаслигини кўпроқ кўрсатади — шаҳарликлар орасидаги 27,9 фоизга қарши 39,2 фоиз.
Умуман олганда, сўров иштирокчиларининг 49,7 фоизи мамлакатдаги сўз эркинлиги даражасини юқори деб баҳолайди.
### Фейклар замонавий ОАВнинг асосий муаммоси деб аталди
Респондентлар нотўғри маълумотлар тарқалишини медиасоҳанинг энг жиддий муаммоларидан бири деб ҳисоблайдилар. Фейк янгиликларни тадқиқот иштирокчиларининг 46,6 фоизи асосий хавф деб атади. Уларга энг кўп YouTube, Telegram ва ижтимоий тармоқларда дуч келишади.
Шу муносабат билан сўровда қатнашганларнинг 77,4 фоизи нотўғри маълумотларни тарқатганлик учун ОАВнинг жавобгарлигини кучайтириш тарафдори бўлди.
Тадқиқотчилар телетомошабинларнинг афзалликларини ҳам ўргандилар. Улар энг кўп янгиликлар ва ахборот дастурларини томоша қилишади: уларни шаҳар аҳолисининг 65,3 фоизи ва қишлоқ аҳолисининг 75,4 фоизи танлайди. Талабгир жанрлар қаторида соғлиқни сақлаш ва соғлом турмуш тарзи ҳақидаги кўрсатувлар, оила ва тарбия ҳақидаги эшиттиришлар, ҳужжатли фильмлар ва журналистик суриштирувлар ҳам бор.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида журналистлар, матбуот хизматлари ходимлари ва блогерлар учун ўқув тренинглари бўлади.

