Ўзбекистонлик ёшларни Қувайт меҳмонхонасига ишга жалб қилиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистонлик талаба ва битирувчиларни Кувайтдаги Соуртярд бй Марриотт меҳмонхонасида амалиёт ўташга жалб қилиш ва кейинчалик ишга жойлаштириш режалаштирилмоқда. Ишга қабул қилинган ходимлар турар жой, уч маҳал овқат, транспорт ва тиббий суғурта билан таъминланади.

Ўзбекистонлик ёшларни Қувайтдаги меҳмонхонага ишга жалб этиш режалаштирилмоқда. «Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, бу масалалар Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ҳамда меҳмонхона вакили иштирок этган онлайн учрашувда муҳокама қилинган.
Мулоқотда Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси, Миграция агентлиги ва Касб-ҳунар таълими агентлиги мутахассислари қатнашган. Томонлар касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабалари ҳамда битирувчиларини амалиётга қабул қилиш ва кейинчалик меҳмонхонада ишга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиққан.
Меҳмонхона вакили номзодларни танлашда туризм ва техник мутахассисликлар бўйича касбий тайёргарлик ҳамда инглиз тилини билиш даражасига алоҳида эътибор берилишини таъкидлаган. Меҳнат шартномаларини бир йил муддатга тузиш режалаштирилган.
Ҳамкорликни йўлга қўйиш учун томонлар ўзаро англашув меморандумини тайёрлашга келишиб олган. Меҳмонхона бўш иш ўринлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ҳақида маълумот беради. Шундан сўнг Миграция агентлиги иш изловчиларни дастлабки саралашдан ўтказади.
Учрашув якунида меморандум лойиҳасини тайёрлаш ва келишиш, бўш иш ўринлари рўйхатини аниқлаштириш ҳамда кейинчалик номзодларни танлашни бошлаш вазифалари белгилаб олинган.

