Ўзбекистонлик талаба қиз "Татар қизи – 2026" танловида ғолиб бўлди

Ўзбекистонлик талаба қиз "Татар кызы – 2026" танлови ғолиби бўлди
Ўзбекистонлик Амина Маҳмудова Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида финал босқичи бўлиб ўтган "Татар кызы – 2026" халқаро танловида ғолиб чиқди. Бош соврин — Zeekr 9X йўлтанламас автомобили унга мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов номидан топширилди.
Ҳал қилувчи босқичда 12 нафар қиз иштирок этди. Иштирокчилар ўз она тили, татар халқининг тарихи ва урф-одатларини билишларини намойиш этдилар, шунингдек, ўз ижодий қобилиятларини кўрсатдилар.
Тақдирлаш маросимида Амина ота-онасига миннатдорчилик билдириб, унинг ютуқлари ортида уларнинг меҳри, тарбияси ва ишончи турганини таъкидлади. Бундан ташқари, у Татарстон Раиси, Бутунжаҳон татар конгресси ва танлов ташкилотчиларига татар халқи ва унинг тилини ифода этиш имконияти учун ташаккур изҳор этди.
Маҳмудова Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтида таҳсил олмоқда, хонандалик касбини эгалламоқда ва вокал ўқитувчиси бўлиб ишламоқда.
Бош унвондан ташқари, танловда махсус номинациялар бўйича ҳам мукофотлар топширилди. Татарстон вакили Дина Зарипова "Энг ғайратли қиз" унвонига сазовор бўлди, Амина эса, шунингдек, "Энг майин овозли қиз" деб топилди.
Финал илк бор Туркманистонда бўлиб ўтди — танлов ўтказиладиган мамлакат ўтган йилги ғолибнинг келиб чиқиш жойига қараб танланади. 2025 йилда тожни тошўғузлик Алсу Рафиқова қўлга киритган эди.
Бундан аввалроқ ўзбекистонлик талаба қиз "Росатом" танловида ғолиб чиқиб, Шимолий қутбга илмий-маърифий экспедиция таркибига кирган эди.

